Имомали Раҳмон бирдан 16 минг маҳкумни афв этмоқчи

Олам

image

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон парламент қуйи палатасига мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган амнистия тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда “Ховар” давлат ахборот агентлиги хабар берди.

Ҳужжатга кўра, амнистия 16 минг кишига нисбатан қўлланилади, шундан 10 700 нафари жиноий жавобгарликдан озод қилинади. Қолган 5 300 маҳкумнинг жазо муддати камайтирилади.

Агентлик хабарига кўра, қонун лойиҳасида “аёллар, вояга етмаганлар, 55 ёшдан ошган шахслар, ногиронлар, оғир касаллар, давлат мукофотларига эга бўлганлар, уруш фахрийлари ва уларга тенглаштирилган шахслар, шунингдек, чет эл фуқаролари биринчи ўринга қўйилган”. Агар улар оғир жиноят содир этмаган бўлса, жиноий жавобгарликдан ва жазони ўташдан озод қилинади.

Қайд этилишича, парламент қонун лойиҳасини 6 сентябрда кўриб чиқади. Шундан сўнг, икки ой ичида Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа давлат органлари қонун лойиҳасининг ижросини таъминлайди.

Маълумот ўрнида, Тожикистонда мустақиллик байрами ҳар йили 9 сентябрь куни нишонланади. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармон имзолаган. Унга кўра, 215 маҳкум афв этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

169

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг