“Iman Invest” теварагидаги жанжал молия бозорини тебратиб юборди
Review
−
21:53 1129 8 minutes
Кеча, 25 октябрь куни Ислом молиясига мувофиқлаштириш кенгаши (IFCB) “Iman Invest” билан ҳамкорликни зудлик билан ва тўлиқ тўхтатганини эълон қилди. Бу ҳақда кенгаш аъзолари – ислом молияси бўйича халқаро аудитор Маҳмуд Усмон ва халқаро ҳуқуқшунос Ҳусайн Ражабов баёнот берди.
Маҳмуд Усмоннинг баёнотига кўра, компания фаолияти бўйича якуний хулоса берилмаган, шаръий аудитория жараёни эса давом этган. 2026 йил июль ойида кенгашга компаниядаги шубҳали транзакцияларни акс эттирувчи ҳужжатлар келиб тушган. Шундан сўнг халқаро молиячилар, ҳуқуқшунослар ва шаръий аудиторлардан иборат тафтиш комиссияси тузилиб, уч ярим ой давомида текширув олиб борилган. Молиявий текширувлар 15 октябрь куни якунланган.
“Кенгаш “Iman Invest” билан икки йилдан зиёд ҳамкорликда бўлганига қарамасдан, шу давргача бу транзакциялар кенгашга тасдиқлаши учун тақдим этилмаган. Кенгаш бу муаммоларнинг кўламини аниқлаш ва иложи бўлса бартараф этиш бўйича кўрсатмалар ва муддатлар белгилади. Муаммони аниқлаш мақсадида халқаро тоифадаги молиячилар, халқаро тоифадаги ҳуқуқшунос ва шаръий аудитордан иборат тафтиш комиссияси тузилиб, ички молиявий, ҳуқуқий ва шаръий текширувлар ўтказилди. Охирги уч ярим ой давомида муаммо кўлами, сабаблари, ечимлари, имкониятлари ўрганилди. 15 октябрь куни молиявий текширувнинг энг охирги натижалари маълум бўлди”, дейди Маҳмуд Усмон.
IFCB хулосасига кўра, компания раҳбарияти инвесторлар маблағларидан ислом молияси тамойиллари, ички ҳужжатлар ва Ўзбекистон қонунчилигига зид равишда фойдаланган. Хусусан, “Iman Invest” мудораба асосида фаолият юритишига қарамай, инвестор капитали ёки унинг бир қисми қайтарилмайдиган ҳолатга келган пайтда ҳам фойда тақсимлангани айтилган. Шунингдек, инвесторлар маблағлари қимматбаҳо автомобиллар ва хонадонлар хариди, шахсий манфаатлар ҳамда маъмурий харажатларга сарфлангани таъкидланган.
Кенгаш маълумотига кўра, бунинг оқибатида компанияда бир неча миллион долларлик камомад юзага келган. Кенгаш вакили инвесторлар маблағларини қайтариш талаби қўйилган тақдирда, компания ушбу мажбуриятларни тўлиқ бажара олмаслиги мумкинлигини билдирган. Шу сабабли аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилиб, зарар қопланмагунча кенгаш “Iman Invest”га маблағ киритишни шариат нуқтаи назаридан тавсия этмаслигини маълум қилган.
“Iman Invest” асосчиси айбловларни рад этди
“Iman Invest” компанияси асосчиси Рустам Раҳматов Маҳмуд Усмон томонидан компания фаолиятига нисбатан билдирилган даволарни рад этди. Унинг айтишича, томонлар ўртасидаги келишмовчилик хизмат ҳақларини камайтириш масаласи ва компания акцияларидан улуш сўралиши ортидан юзага келган. Раҳматовнинг билдиришича, Маҳмуд Усмон билан икки ярим йиллик ҳамкорлик давомида унга 100 минг доллардан ортиқ хизмат ҳақи тўланган. Кейинчалик компания ушбу тўловларни камайтиришга қарор қилган. Шунингдек, Маҳмуд Усмон “Iman холдинг” акцияларидан улуш сўраган. Раҳматов эса компания шериклари билан маслаҳатлашиб, бу таклифни рад этган. Шундан сўнг томонлар ўртасида келишмовчилик юзага келган.
“Ижтимоий тармоқларда Маҳмуд Усмон томонидан компаниямизга келтирилган даъволарга қўшилмаймиз. Чунки ҳар бир айблов далил асосида бўлиши керак. Биз Маҳмуд Усмон билан икки ярим йил давомида ҳамкорлик қилдик ва шу ҳамкорлик даврида ойлик сифатида 100 минг доллардан кўпроқ ойлик тўладик. Келишмовчилигимиз айнан биз шу ойлик тўловларни камайтиришимиздан бошланди ва ундан ташқари биздан катта улуш сўралди, яъни “Iman” ҳолдингининг акциялари сўралди ва биз шерикларимиз билан маслаҳатлашиб, рад жавобини бердик ва натижада сиз кўрган видео чиқди. Мусулмоннинг шаъни ва мулки бошқа мусулмон учун ҳаром”, дейди компания асосчиси.
Раҳматовнинг маълум қилишича, Маҳмуд Усмон билан ҳамкорлик тўхтатилганидан кейин компания Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний билан ҳамкорликни бошлаган. Янги аудит натижалари тахминан бир ой ичида эълон қилинади. Шунингдек, компания икки йил аввал аудитдан ўтиб, шаръий талабларга мувофиқлиги ҳақида ижобий хулоса олганини билдирган. Ўтган йил ва жорий йил фаолияти бўйича текширув натижалари ҳам жамоатчиликка тақдим этилиши айтилган.
Компания асосчиси шаръий масалаларда қарорлар бир кишининг фикрига эмас, кенгашнинг умумий хулосасига таяниши лозимлигини қўшимча қилган. Шу мақсадда бир нечта уламолар иштирокида янги шаръий кенгаш тузилмоқда. Келгусида компаниянинг янги хизматлари ва шартномалари ушбу кенгаш томонидан кўриб чиқилади. Кенгаш таркибини яқин кунларда эълон қилиш режалаштирилган.
Раҳматов инвесторлар ва ҳамкорлар олдидаги мажбуриятлар ўз кучида қолишини алоҳида таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, юзага келган келишмовчилик компаниянинг ушбу мажбуриятларига таъсир қилмайди.
“Сиздан ҳар қандай текширилмаган ва исботи йўқ маълумотларга ишонмаслигингизни илтимос қиламан ва бу тушунмовчиликни албатта қонун орқали ҳал қиламиз”, дейди Рустам Раҳматов.
Шундан сўнг, Маҳмуд Усмон ўзининг расмий саҳифасида янги баёнот бериб, компаниядаги молиявий тафовутлар ва инвесторлар маблағлари билан боғлиқ масалаларни очиқлади. Унинг айтишича, компаниянинг 70 млн долларлик портфелида 20 млн долларлик камомад аниқланган.
Маҳмуд Усмоннинг айтишича, “Iman Invest” фаолиятини текширган молиячилар компания ҳужжатларида 20 млн долларлик камомад борлигини қайд этган. У, шунингдек, тафтиш комиссияси тузилгани ва молиявий масалалар муҳокама қилинган ҳужжатлар Рустам Раҳматов томонидан имзоланганини билдирди. Маҳмуд Усмон ўз Telegram-каналида “Iman Halal Investments” ягона иштирокчисининг 2026 йил 1 июлдаги тафтиш комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги қарорини ҳам эълон қилди. Ҳужжатда бошқарув компаниясига операцион харажатларни қоплаш учун мунтазам равишда қарз маблағлари берилгани қайд этилган. 2026 йил 31 май ҳолатига кўра, бошқарув компаниясининг қарзи 2,97 млн долларни ташкил этган.
Шу билан бирга, ҳужжатда бошқарув компанияси харажатларини “Iman” зиммасига юклаш инвесторларга тўланадиган дивидендлар миқдорини камайтириши мумкинлиги кўрсатилган. Бу харажатлар қаторида иш ҳақи, маркетинг, скоринг ва транзакция комиссиялари келтирилган. Тафтиш материалларида 2026 йил 31 май ҳолатига “Iman”нинг BNPL портфелидаги муаммоли кредитлар миқдори 9,5 млн долларни ташкил этгани ҳам қайд қилинган. Портфелнинг тахминан 17–18 фоизини муддати ўтган қарзлар ташкил этган. Бундан ташқари, инвесторлар маблағлари тўлиқ қайтарилмасидан айрим дивидендлар тўлангани юзасидан ҳам эътирозлар билдирилган.
128 минг долларлик Mercedes-Benz S500 хариди
Тафтиш комиссияси ҳужжатларида Рустам Раҳматов фойдаланиши учун харид қилинган Mercedes-Benz S500 автомобилига оид битим ҳам танқид қилинган. Қарорда келтирилишича, 2026 йил 10 апрелда “Founders Trust ” МЧЖ ҳисобига 128 минг доллар ўтказилган. Тафтиш комиссияси ушбу маблағ автомобиль харидига сарфланганини қайд этиб, битим компания ва инвесторлар манфаатларига мувофиқ эмас, деган хулосага келган. Комиссия автомобилга оид ҳужжатларни тақдим этиш, уни сотиш ёки маблағни қайтариш орқали эҳтимолий зарарни қоплаш чораларини кўришни белгилаган. Шунингдек, Рустам Раҳматов билан 2023 йил 1 декабрда тузилган BYD Champion автомобилини муддатли тўловга олиш шартномаси бўйича тўловлар ўз вақтида амалга оширилмагани ҳам қайд этилган.
Маҳмуд Усмон ҳужжатлар билан Рустам Раҳматов шахсан танишгани ва уларни имзолаганини айтмоқда. У бир неча соат давом этган Zoom йиғилишларининг ёзувларини ҳам эълон қилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, айрим йиғилишлар тўрт, беш, ҳатто ўн соат давом этган. Материалларни Telegram, Instagram ва YouTube орқали тарқатиш режалаштирилган.
“Улуш сўрамаганман, етимхонага беришни айтганман”
Маҳмуд Усмон Рустам Раҳматовнинг компаниядан улуш талаб қилгани ҳақидаги даъволарини рад этди. Унинг таъкидлашича, аксинча, компания раҳбарига ўз улушини етимхонага беришни таклиф қилган ва уни раҳбарликдан кетишга чақирган.
“Керак эмас менга улушинг, дедим. Етимхонага бериб юбор дедим, менга улуш керак эмас, сен кетгин, одамларнинг пули сенинг қўлингда қолмасин, ўрнингга бошқа раҳбар қўйиб, йўқ бўлиб кетгин шу компаниядан дедим”, дейди Маҳмуд Усмон.
Ушбу суҳбатга Шайх Аброр Мухтор Алий ҳам гувоҳлик бериши мумкинлигини айтган Маҳмуд Усмон Рустам Раҳматовнинг ўзига нисбатан билдирган айбловлари юзасидан судга мурожаат қилиб, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ниятида эканини билдирган.
Шайх Тақий Усмонийга ҳам ҳужжатлар юборилган
Маҳмуд Усмон компания фаолиятида шубҳали деб ҳисоблаётган транзакцияларга оид ҳужжатлар прокуратура ва тегишли ташкилотларга топширилганини маълум қилди. Унинг айтишича, Рустам Раҳматов аввал Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг ўғли Шайх Ҳасан билан ҳамкорлик қилиши ҳақида гапирган, кейинчалик эса Шайх Тақий Усмонийнинг ўзи билан ишлашини билдирган.
“Биз Шайх Тақий Усмонийга ўзимизнинг хулосамизни ва унинг барча далилларини етказиб қўйганмиз”, дейди Маҳмуд Усмон ўзининг видео мурожаатида.
Унинг таъкидлашича, компания фаолияти юзасидан тайёрланган хулосалар ва далиллар араб тилида ҳам юборилган. Маҳмуд Усмон Шайх Тақий Усмонийнинг компания билан ҳамкорлик қилишига шубҳа билдирган, аммо бу масалага вақт ойдинлик киритишини айтган.
Шунингдек, у айрим воситачилар ва диний уламолар унга эҳтиёт бўлишни тавсия қилганини маълум қилди. Бироқ компания фаолиятига оид маълумотларни ошкор қилишни жамоатчилик олдидаги вазифаси деб ҳисоблашини таъкидлади.
“Iman Invest”нинг фаолияти нималардан иборат?
“IMAN HALAL INVESTMENTS” масъулияти чекланган жамияти 2019 йил 24 апрелда давлат рўйхатидан ўтган. Org.info маълумотларига кўра, компаниянинг устав фонди 10,1 млрд сўмни ташкил этади. Корхона раҳбари сифатида Зуҳриллоҳўжа Рухилло ўғли Бобоев кўрсатилган. Компаниянинг асосий фаолият тури компьютер дастурлаштириш соҳасига тегишли.
“Iman Invest” ўз фаолиятини ислом молияси тамойилларига асосланган инвестиция хизматлари билан боғлайди. Компания платформасида инвестиция киритиш, бизнес лойиҳаларида шерик сифатида иштирок этиш ва маҳсулотларни муддатли тўлов асосида харид қилиш каби хизматлар таклиф этилган.
Умидбек Сулаймонов
Live
All