Илон Маск Украинада Starlink'ни ўчириб қўймоқчи. Бу ҳам Путиннинг бир режасими?
Олам
−
15 Октябрь 2022
10139Америкалик миллиардер Илон Маск ўзининг кескин мулоҳазалари ва ҳаракатлари билан барчани лол қолдиришда давом этмоқда. Хусусан, у кеча, 14- октябрь куни Украина учун Starlink'ни молиялаштириш тўхтатилиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда “Euronews” хабар бермоқда.
Маскнинг SpaceX компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ушбу интернет-терминаллар Киев армиясининг жанг майдонидаги ўзаро алоқаси, шунингдек, Россиянинг Украинага босқини даврида тинч аҳоли ўз яқинлари билан алоқада бўлишида муҳим роль ўйнаяпти.
Маълумотларга кўра, бугунгача Украинага 25 мингга яқин Starlink терминаллари юборилган. Аммо Маск кеча, 14 октябрь куни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида "операция SpaceX учун ҳозиргача 80 миллион долларга тушгани ва йил охиригача харажатлар 100 миллион доллардан ошиши" ҳақида ёзди.
Миллиардер SpaceX компанияси мавжуд тизимни чексиз вақтгача таъминлаб, минглаб қўшимча терминалларни жўнатишда давом эта олмаслигини, бу ақлга сиғмаслиги ҳақида огоҳлантирган.
“SpaceX шу пайтгача қилинган харажатларни қоплашни сўрамаяпти, бироқ мавжуд тизимни чексиз муддат молиялаштира олмайди. Биз ҳам қийинлашиб бораётган киберҳужумлар ва бошқа хавфлардан ҳимояланишга мажбурмиз", дейди Мaск.
Олдинроқ 13 октябрь куни СNN телеканали SpaceX АҚШ ҳукуматидан технологияни молиялаштиришда ёрдам сўрагани ҳақидаги ҳужжатларни эълон қилди. Унга кўра, харажатлар келаси йил давомида тахминан 400 миллион долларга етиши мумкин.
Пентагон вакили 14 октябрь куни АҚШ Мудофаа вазирлиги SpaceX'дан Starlink'ни молиялаштириш тўғрисида хат олганини тасдиқлади ва у компания ва бошқалар билан "алоқада" эканлигини айтди.
Украина Президенти маслаҳатчиси Михаил Подоляк Маскнинг огоҳлантиришига муносабат билдириб, Starlink Украинада ўз ишини давом эттириш учун ҳукумат тез орада ечим топишини қайд этди.
“Урушнинг энг оғир дамларида Илон Мaск бизни қўллаб-қувватлади. Бизнес ҳар хил куч стратегияларини талаб қилади. Ишонаманки, Starlink ўз ишини давом эттириш орқали муаммоларига ечим топа олади. Музокаралар тугагунга қадар компания барқарор алоқани тақдим этиши аниқ”, деб ёзган Украина Президенти девони вакили.
SpaceX томонидан етказиб берилаётган қурилма февраль ойида уруш бошланганидан бери Украина ҳукумати ва ҳарбийлари учун режалаштириш ва операцияларни мувофиқлаштириш учун жуда муҳим бўлиб келмоқда. Украина расмийларига кўра, мамлакат интернет инфратузилмасининг 15 фоизга яқини можаро туфайли вайрон бўлди.
Starlink учун маблағларни қисқартириш мумкинлиги ҳақидаги эълон Маскнинг Украинага нисбатан позицияси ҳақида жамоатчиликнинг тортишувларига сабаб бўлди.
Украина Бош вазири ўринбосари Михаил Федоров ижтимоий тармоқларда Маск билан бўлган кескинликни камайтиришга уриниб, миллиардернинг Украинани қўллаб-қувватловчи дунёдаги энг йирик хусусий "донор"лар қаторида эканини ёзди.
Сўнгги кунларда Украина қўшинлари Россия томонидан босиб олинган ерларни қайтариб олишга уринмоқда, лекин айни пайтда Starlink тармоғида узилишлар ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Украинанинг собиқ Мудофаа вазири Андрей Загороднюкнинг "Financial Times" газетасига берган интервьюсида “Маск қурилмаларни маълум соҳаларда самарасиз қилиб қўймаслигига умид қиламан” деб айтган гапи ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида яна шубҳа уйғотди. Бу қайсидир маънода Маскнинг Путин билан алоқаси борлигига ишора бўлиши мумкин.
Бир неча кун олдин эса Маск Twitter’да Украинадаги урушни тугатиш бўйича ўз таклифларини билдирди ва 107,7 миллион кузатувчилари ўртасида сўровнома ўтказди. Таклифлардан бирида миллиардер Украина ўз ҳудудининг бир қисмини Россияга бериши кераклигини айтди ва бу кенг танқидларга сабаб бўлди.
Бунинг ортидан Илон Маск Россиянинг Украинага босқинини тўхтатиш бўйича таклифларини беришдан олдин Президент Владимир Путин билан гаплашгани ҳақида хабарлар тарқалди. Eurasia Group сиёсий консалтинг компанияси раҳбари Иан Бреммернинг таъкидлашича, Маск унга Путин билан бўлган суҳбат ҳақида шахсан ўзи айтган.
Бу мулоҳазаларга Маск шундай жавоб берди: “Мен Путин билан фақат бир марта гаплашганман ва бу, тахминан, 18 ой олдин эди. Суҳбат мавзуси космик кемалар бўлган”.
Мусулмон Зиё
LiveБарчаси