Илон Маск маймун миясига чип жойлаштириб, унга “Ping Pong” ўйнатди

Бу қизиқ 7145

Илон Маскга тегишли бўлган “Neuralink” стартапининг мутахассислари ўз лойиҳалари муваффақиятини биринчи марта аниқ намойиш этишди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” газетаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, компания маймун миясига чип жойлаштиргандан сўнг, у қандай имкониятларни қўлга киритганини намойиш этувчи қисқа видеони эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, аслини олганда  ишлаб чиқувчиларнинг асосий мақсади – бу мияга жойлаштириладиган, ногиронлиги бўлган одамларга электрон қурилмалардан фойдаланишга имкон берадиган мини-чипни яратиш.

Тажрибага келсак, Пейжер исмли маймун жойстик ёрдамида дисплейдаги квадратлардан кейин курсорни ҳаракатга келтиришни уддалаган. Унинг "машаққатли меҳнати" учун мукофот сифатида бананли коктейл берилган.

Маълумотларга қараганда, ушбу оддий жараёнда унинг миясидаги асабий маълумотлар компьютерга симсиз тармоқ орқали узатилган. Олинган маълумотлар кейинчалик асаб фаолиятининг такрорланадиган кетма-кетлиги ва маймун томонидан бажариладиган ҳаракатлар ўртасидаги муносабатни симуляция қилувчи декодлаш алгоритми билан ишланган.

Хабарга кўра, чипнинг декодер алгоритми тўлиқ созлангандан сўнг, “Neuralink ” мутахассислари жойстикни ўчириб, маймунга “Ping Pong” ўйинини қўйиб берганлар. Манипулятор узилиб қолганига қарамай, маймун тўпни ўтказиб юбормаган, чунки у онгсиз равишда фикр кучи орқали курсорни бошқарган.

Видео эълон қилингандан сўнг, Илон Маск муваффақиятидан илҳомланиб, ўзининг Twitter  саҳифасида “Neuralink ” компанияси фалаж бўлган одамларнинг миясига чип ўрнатилиши, бу эса уларга бармоқларини ишлатишдан ҳам тезроқ, фикр кучи билан смартфонлардан фойдаланишга ёрдам беришини айтди. Жаноб Маск чипнинг истиқболдаги мукаммал талқинлари фалажликка чалинган беморларнинг яна оёққа туриши ва юриб кетишига ёрдам беради, деб ҳисобламоқда.

Таъкидлаш жоизки, компания ҳақиқатан ҳам ажойиб натижага эришди. Чунки, ўтган йили "Neuralink " фақат чип жойлаштирилган чўчқаларнинг мия фаолиятидаги ўзгаришларни қайд этиши мумкин эди. Энди эса, компаниянинг кўплаб уринишларидан кейин миясига чип ўрнатилинган маймун “Ping Pong ” ўйнашни уддалаяпти.

Сардор Тўланбоев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 137
Рейтинг: 3.1
t
×