Илҳом Алиев туркий дунёнинг Олий ордени билан мукофотланди

Олам

image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев туркий дунёнинг Олий ордени билан мукофотланди. Олий орденни бугун, 12 ноябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркий тилли давлатлар кенгашининг Истанбул яқинидаги “Демократия ва эркинлик” оролида ўтаётган VIII саммитида топширган.

Туркий тилли давлатлар раҳбарлари кенгаши томонидан қабул қилинган қарорда таъкидланишича, Илҳом Алиев Озарбайжон ҳудудини озод қилиш, мамлакат яхлитлигини таъминлаш ва туркий бирликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун туркий дунёнинг Олий ордени билан мукофотланди.

Қарорни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзолади.

Ражаб Тойиб Эрдўған Илҳом Алиевга мукофотни топширар экан унинг қатъий қарори билан 30 йил давом этган Қорабоғ оккупацияси 44 кунда якунланганини урғулади.

“Бу фақатгина бизнинг озарий биродарларимиз учун эмас, бутун турк дунёси учун аҳамиятли. “Ватан муҳорабаси” натижасида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг кўп йиллардан бери бажарилмаган резолюциялари амалга оширилди. Шу тариқа Озарбайжон халқаро ҳамжамиятга адолат хабарини етказди”, деган Эрдўған.

Туркия етакчиси Озарбайжон ҳудудий яхлитлигининг тикланиши турк дунёси бирлигини кенгайтирганини қайд этди. Эрдўған Қорабоғ рамзи Ҳарибулбул турк дунёси учун ғалаба хабарчиси бўлганини қўшимча қилди.

Қорабоғ можароси

2020 йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Қорабоғ уруши қайта оловланди.  

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 2020 йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. 

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради. 

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди. 

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.  

Ноябрь ойига келиб Озарбайжон Қуролли Кучлари Тоғли Қорабоғдаги муҳим ҳудудларни, жумладан стратегик жиҳатдан аҳамиятли бўлган Шуша шаҳрини ўз назорати остига олди. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар 2020 йилнинг 9 ноябрь куни Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида имзоланган қўшма баёнот билан ўз якунига етди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябр соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та ҳудудни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг