Илҳом Алиев Самарқандга Меҳрибон Алиева билан келди

Олам

image

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Туркий тилли давлатлар ташкилотининг Самарқандда ўтиши режалаштирилган саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди. Бироз аввал Самарқанд халқаро аэропортига Озарбайжон раҳбарининг самолёти келиб қўнди. 

Озарбайжон раҳбари Ўзбекистонга илк бор рафиқаси – вице-президент Меҳрибон Алиева билан ташриф буюрди. 

Эслатиб ўтамиз, 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган тадбирда Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан иштирок этади.

QALAMPIR.UZ манбасининг маълум қилишича, тадбирга айрим етакчилар рафиқалари – биринчи хонимлар билан ташриф буюрмоқда. Хусусан, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга рафиқаси Эмина Эрдўған ҳамроҳлик қилади. 

Маълумки, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан кеча, 9 ноябрь куни Самарқандга етиб келди. Унга рафиқаси Анико Леваи ҳамроҳлик қиляпти. 

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев жорий йилнинг 21-22 июнь кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширди. Қолаверса, 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш учун Самарқандга келди. Ушбу ташрифларда унга Меҳрибон Алиева ҳамроҳлик қилгани йўқ. 

Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари давлат раҳбарларининг рафиқаларига Ўзбекистон Президентининг рафиқаси – биринчи хоним Зироат Мирзиёева пешвоз чиқади. Биринчи хонимлар учун Самарқандда махсус маданий дастурлар тайёрланмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

169

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг