Илҳом Алиев Самарқанддан туриб Арманистон ва Эронни “савалади”
Олам
−
11 Ноябрь 2022
16479Озарбайжон туркий дунёнинг бирлиги ғоясига содиқлигини сақлаб, ҳар доим туркий дунёнинг бирлашувига ҳисса қўшиб келган. Бу ҳақда Президент Илҳом Алиев Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг саммитидаги нутқи чоғида айтиб ўтди.
Илҳом Алиев ТДТ давлатлари билан икки томонлама алоқаларни ривожлантиришни Озарбайжон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири деб атади.
Озарбайжон Президенти туркий дунё 200 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган улкан географияни қамраб олишини эслатди.
“Мамлакатларимиз улкан иқтисодий салоҳиятга, энергия ресурсларига, замонавий ҳарбий салоҳиятга эга. Турк дунёси катта оила. Бир-биримизнинг миллий манфаатларимизни ҳисобга олган ҳолда, биз бундан буён ҳам бир-биримизни қўллаб-қувватлаш ва бирдамликни намоён этишимиз керак”, дейди Озарбайжон раҳбари.
Алиев нафақат сиёсат, иқтисод, савдо, маданият, транспорт, энергетика, рақамли трансформация, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳаларида, балки хавфсизлик, мудофаа, мудофаа саноати каби соҳаларда ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга чақирди.
У ўз давлатларидан ташқарида яшаётган туркий халқлар вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини ҳам таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Ташкилот бошқа мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошларининг хавфсизлиги ва миллий ўзлигини сақлаб қолиш масалаларини кўриб чиқиши керак.
“Ёш авлод ўз она тилида билим олиши керак. Афсуски, Озарбайжондан ташқарида яшовчи 40 миллион озарларнинг аксарияти бу имкониятдан маҳрум”, дейди Алиев асосан Эронда яшаётган озарларни назарда тутиб.
Озарбайжон раҳбари туркий давлатлардан ташқарида яшовчи ватандошларни она тилида ўқитиш масаласи ҳамиша ТДТ кун тартибида туриши кераклигини таъкидлади. Унга кўра, бу борада аниқ қадамлар ташлаш зарур.
“Озарбайжон хорижий давлатларда истиқомат қилаётган озарларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Тақдир тақозоси билан Озарбайжондан ташқарида бўлган юртдошларимиз ўз она тили, анъаналари, маданиятини асраб-авайлашлари, озар ғояларига содиқ бўлишлари, тарихий ватанлари билан ҳеч қачон алоқани узмасликлари учун саъй-ҳаракатларни давом эттирамиз”, дейди Алиев.
Президент Илҳом Алиевнинг қайд этишича, Озарбайжондан ташқарида яшаётган 40 миллион озарларнинг аксарияти она тилида таълим олиш имкониятидан маҳрум.
Алиев, шунингдек, Озарбайжоннинг арман босқинидан озод қилинган ҳудудларини тиклаш бўйича олиб борилаётган ишларни эслади.
Унинг сўзларига кўра, 30 йиллик ишғолнинг оғир оқибатлари ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.
“Озарбайжоннинг 9 шаҳри ва юзлаб қишлоқлари Арманистон томонидан вайрон қилинган. Бир пайтлар катта ва обод шаҳар бўлган Ағдам шу қадар вайрон бўлганки, чет эллик мутахассислар уни "Кавказ Хиросимаси" деб аташган. Арманистон томонидан босиб олинган даврда минтақадаги 67 та масжиддан 65 таси вайрон қилинган, қолган 2 та масжид жиддий зарар кўрган ва чўчқа ва қорамоллар учун отхона сифатида фойдаланилган. Бу бутун мусулмон олами учун ҳақоратдир. Арманистон расмий мафкурасининг асосини исломофобия ва туркофобия ташкил этади”, дейди Президент.
Алиев озод қилинган Фузулий вилоятида мактаб қуриш ташаббуси учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга эса шу вилоятда Қозоғистон ижодий марказини қуриш таклифи учун миннатдорлик билдирди.
Алиевнинг сўзларига кўра, Қорабоғ можароси икки йил аввал якунланганига қарамай, Арманистон чегарадаги провокацияларини ҳамон давом эттирмоқда.
“Жаҳон ҳамжамиятини чалғитиш мақсадида Арманистон Озарбайжонни ҳарбий тажовузда айбламоқчи. Биз бу асоссиз даъволарни қатъиян рад этамиз”, дейди давлат раҳбари.
Илҳом Алиев октябрь ойида Прага ва Сочида қабул қилинган қўшма баёнотларда Озарбайжон ва Арманистон бир-бирининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини расман тан олганини эслатди. Бу Қорабоғ можароси тугаганидан яна бир бор далолат беради.
Озарбайжон раҳбарининг сўзларига кўра, Зангезур йўлагининг очилиши минтақадаги барча давлатларнинг манфаатларига жавоб беради.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь