Иккинчи жаҳон уруши рамзлари – қўрқув, даҳшат, ўлим, умид ва ғолиблик
Бу қизиқ
−
09 Май 2022
30022Аксариятимиз Иккинчи Жаҳон уруши даҳшатини фақат тарих китоблари ва фильмлар орқали ҳис қилганмиз. “Сафдор Раянни қутқариш” фильмидаги Нормандия истилоси саҳнасими ёки “Анна Франкнинг кундалиги”даги яҳудийларнинг иложсизлиги бўладими, Иккинчи жаҳон уруши (1939-1945) ваҳшийликлари онгимизга у ёки бу даражада муҳрланиб қолган.
Даҳшатли олти йил давомида дунё бошдан кечириши мумкин бўлган ҳар қандай туйғу – қўрқув, ғазаб, қайғу, умид ва, энг сўнггида, бахтнинг гувоҳи бўлди. Ҳар бири Иккинчи Жаҳон уруши босқичини ва инсон руҳининг ғалабасини ифодаловчи машҳур рамзлар орқали уруш даврини қайта кўриб чиқиш учун вақт ғилдирагини бироз ортга айлантирамиз.
Свастика – қўрқув рамзи
Свастика – санскритча “омад” деган маънони билдирувчи сўз 5000 йиллик тарихга эга. Бугунги кунга қадар бу мотиф индуистлар, буддистлар ва жайнийлар томонидан илоҳийлик рамзи сифатида қабул қилинади. Ўн тўққизинчи асрнинг ўрталарида немис археологи Генрих Шлиманн Қадимги Троя ўрнида илгак хочни топгач, бу рамз машҳурликка эришди ва шу вақтдан бошлаб, символ бошқаларга нисбатан “олий” деб ҳисобланган “Орий” ирқи билан боғланди. 1930-йилларда, нацистлар ҳокимиятининг кучайиши даврида Гитлер свастикани ўз партиясининг рамзи сифатида қабул қилар экан, ўзининг “Майн Кампф” асарида шундай деб ёзади: “Айни пайтда ўзим, сон-саноқсиз уринишлардан сўнг, (рамзни) якуний шаклини чиздим: байроқ қизил фонда, оқ доира (марказда) ва унинг ўртасида қора свастика”.
Гитлер Германиянинг диктатори бўлгач, у ҳар бир кўчани, уйни, ҳаттоки, товарларни свастика билан безатди. Унинг режаси бўйича бутун Европа қўрқув рамзи билан қизил рангга бўялиши керак эди. Адольф Германиядан ташқарида ўз ҳудудини кенгайтирар экан, тинч аҳоли ўз уйларидан ҳайдаб чиқарилди: кўплари концлагерларга жўнатилди, бошқалари шафқатсизларча ўлдирилди. Уларнинг терисидан совун, аёллар сочидан қоп ва сумкалар тайёрланди. Кун келиб унинг манқурт армияси ва свастикаси билан келишини билиб, Гитлердан унинг қўли етмас даражада узоқда бўлганлар ҳам бундай тақдирдан қўрқиб ўтиришган.
“Сариқ юлдуз” – даҳшат рамзи
Иккинчи жаҳон уруши даҳшатининг рамзи бўлган “сариқ юлдуз” ҳаётида тинчлик ва тотувликдан бошқа ҳеч нарсани истамаган бегуноҳ инсонлар учун қўрқинчли туш каби бўлган. Аммо уруш даврида мислсиз жабр кўрган битта ирқ бўлса, у ҳам яҳудийлардир. Миллионлаб Европанинг яҳудий аҳолиси Учинчи Рейх томонидан қитъанинг нариги бурчакларигача сиқиб борилган. Яҳудий аҳолисини таъқиб қилиш ва йўқ қилиш бўйича тизимли режа устига “Jew” (яҳудий) сўзи ёзилган “олти қиррали сариқ юлдуз” енгбоғини тақиш тўғрисида Гитлер фармони чиқарилиши билан бошланди. Фармонга кўра, 10 ёшдан ошган барча яҳудийлар енгбоғични тақиб юришлари керак эди. Польша, Хорватия, Австрия, Бельгия, Нидерландия, Руминия – фашистлар байроғи кўтарилган барча мамлакатларда яҳудийларга фармон ижроси мажбурий жорий қилинди. Сегрегациядан сўнг яҳудийлар геттога (муайян халқ учун ажратилган жуда кичик ҳудудга), у ердан ўлим лагерларига кўчирилган. Концлагерларда эса сўнгги нафасларигача “сариқ юлдуз”ни енгларидан ечмаганлар.
Қизил доира – ўлим рамзи
1944 йил охирларига келиб Япония империясига қарши уруш тўлқини бошланди. Уларнинг душмани – Қўшма Штатлар саноатнинг супердавлатига айланиб улгурган, японлар қарши туриб бера олмаган кам сонли “держава”лардан бири эди. Япон ҳарбий бошлиқлари умидсизликка тушиб, “Камикадзе” деб номланган ўз жонига қасд қилувчи отрядни туздилар, унинг таркибига ёш аскарлар киритилди. Эндигина ҳарбий машғулотлар ўтаётган ўсмирлар ва ёшлардан “Камикадзе” отрядида кўнгилли бўлишни “сўрашди”. 1944 йил октябрь ойида “Камикадзе” учувчилари портловчи моддалар билан тўлдирилган самолётларда АҚШ флотига ҳужум қилишди. Учувчилардан нафақат император учун “муқаддас ўлим”ни кутишган, балки душман ҳарбий базаларини вайрон қилишларини ҳам хоҳлашган. “Камикадзе” пилотлари марказида қизил доираси бўлган оқ тасма тақиб, ўзларига юклатилган миссияни “адо этган”. Шундан сўнг, “Камикадзечи”лар Тинч океанида ўлим рамзига айланган.
“V” – ғалаба рамзи
Буюк Британия Бош вазири Уинстон Черчилл ўз мамлакатини Иккинчи Жаҳон урушида ғалабага етаклаган шахс бўлган. Урушнинг дастлабки йилларида Британия Европада вайронагарчиликларни келтириб чиқараётган Учинчи Рейх билан якка қолган эди. Бу ўз озодлиги ва хавфсизлигидан қўрққан тинч аҳоли учун ҳам, жасур аскарлар учун ҳам энг қоронғу дамлар бўлган. Германия 1940 йилларнинг ўрталарида Англиянинг жануби-шарқига Ла-Манш канали бўйлаб бостириб кириш учун “Денгиз шерлари” операциясини бошлади. Август ойида Германиянинг “Люфтваффе” самолётлари Англияга ҳаво ҳужумида устунликка эришиш учун ҳужум бошлади. Бироқ Германия ўз душманини, айниқса курашувчанлик қатъиятини етарли баҳоламаган эди. Люфтваффелар жангда катта талафот кўрди, натижада Гитлер “Денгиз шери” операциясини номаълум муддатга кечиктиришга мажбур бўлди. Черчилл бу ғалабани ўз ватандошларининг руҳини мустаҳкамлаш имконияти сифатида кўрди. Унинг ғалаба маъносини англатувчи “V” (victory – ғалаба) қўл ишораси ҳамма учун илҳом манбаи бўлди. Эндиликда нафақат Англия, балки бутун Европа қитъасидаги инсонлар қитъани Гитлердан озод қилиш учун Черчиллга интилишни бошлади.
“Оригами турнаси” – умид рамзи
Иттифоқчи кучлар бўладими ёки фашистлар, милитаристлар, ҳар бир мамлакатнинг бегуноҳ фуқаролари уруш бадалини тўладилар. Инсонлар бу даҳшатли даврнинг охири учун ўзлари ишонган Худога ибодат қилдилар. Садако Сасакига Хиросимадаги атом портлаши оқибатида даволаб бўлмайдиган касаллик – “лейкемия” (оқ қон касаллиги) ташхиси қўйилгач, яшаш умиди учун ибодат қилган шундай инсонлардан бири эди.
АҚШ Хиросимага атом бомбасини ташлаганида Садако икки ёшда бўлган. Портлаш оқибатида Садако каби сон-саноқсиз болалар кучли нурланиш таъсиридан кейин касалликка чалинганлар. Шифокорлар болаларни даволашдан умидларини узишган, аммо қиз ҳаёт учун курашдан тўхташни ният қилмади. Қизалоқ японларнинг бир афсонасини эшитган эди: агар киши мингта оригами турнасини ясаса, унинг ҳар қандай хоҳиш-истаги амалга оширилади. У яшаш истаги ижобат бўлишига умид қилиб, оригами турналарини ясашни бошлади. Бироқ қизалоқ фоний дунё билан хайрлашишидан аввал 644 турнага улгурди...
Урушдан кейин Садако ҳикоясини эшитган бутун мамлакат учун оригами турнаси умид ва тинчлик рамзига айланди. 1958 йилда Хиросима тинчлик мемориал боғида Садаконинг олтин турнаси ҳайкали ўрнатилди. Унинг тахтачасида: “Бу бизнинг фарёдимиз. Бу бизнинг ибодатимиз. Ер юзида тинчлик бўлсин”, дея ёзувлар битилди.
Сардор Бегалов
LiveБарчаси