Миллий гвардия ходими $100 минг билан ушланди
3-саҳифа
−
01 Март 2022
19420Давлат хавфсизлик хизмати Наманган, Бухоро, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ноқонуний ер савдоси билан боғлиқ ҳолатларни аниқлади.
ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда вилоят қурилиш бош бошқармасининг Давлатобод туман бўлими мутахассиси тадбиркорга мансабдор танишлари орқали мазкур туман ҳудудидан 2 гектар ер майдони расмийлаштириб бериш ҳамда у ерга кўп қаватли уй ва ишлаб чиқариш объекти қуришга рухсат олиб бериш эвазига, ундан 200 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Қайд этилишича, Самарқандда ҳам бир эмас, бир нечта ноқонуний ер савдоси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган.
Хусусан, Миллий Гвардиянинг Самарқанд вилоят қўриқлаш бошқармаси назоратчиси муқаддам 2 маротаба судланган шахс билан ўзаро тил бириктириб, Самарқанд туманидаги ўзганинг номида бўлган фермер хўжалигининг 6 гектар ер майдонини 157 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 100 минг доллар олган вақтида ушланган.
Шунингдек, Оқдарё туманидаги фермер хўжалиги раҳбари мазкур хўжалик балансидаги 4,8 гектар ер майдонини 45 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 25 минг доллар олган вақтида ушланган. Ургут туманидаги фермер хўжалик бошқарувчиси эса 1 гектар ерни харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 20 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.
Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи, якка тартибдаги тадбиркор ўзининг ўғли номида бўлган фермер хўжалигининг 7,4 гектар ер майдонини ҳокимият идораларидаги мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, эвазига 84 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ушланган.
Тошкент шаҳрида кузатилган ҳолатда эса Бектемир туманидаги боғдорчилик-узумчилик ширкати аъзоси бўлган фуқаро ушбу ширкат ҳудудидаги 4 сотих ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 17 600 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги деҳқон хўжалиги раҳбари мазкур хўжалик балансида бўлган 40 сотих суғориладиган ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ДХХ ва ИЖҚК департаментининг вилоят бошқармалари ходимлари томонидан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь