Икки гигант Исландияда. АҚШ ва Россия нималарга келишиб олди?

Олам 9452
image

Бугун, 20 май куни Исландиянинг пойтахти Рейкьявикда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен музокаралар ўтказди. Қайд этиш керакки, Арктика кенгаши доирасида ўтказилган ушбу учрашувда улар биринчи маротаба юзма-юз кўришди. Қуйида икки гигант давлат масъуллари ўртасидаги суҳбатнинг энг асосий қисмлари ҳақида сўз боради. 

Икки томонлама муносабатлар тўғрисида

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Блинкен билан икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш йўлларини муҳокама қилмоқчилигини айтди. 

“Эҳтимол, бизнинг вазифамиз Президентларимиз ўртасидаги телефон суҳбатларини ривожлантиришда ўзаро муносабатларни қандай давом эттиришимизни аниқлашдан иборат. Бизнинг позициямиз жуда оддий: биз барча масалаларни истисносиз муҳокама қилишга тайёрмиз, бундан ташқари бу мунозара тўғри бўлишини, столдаги фактлар билан ва, албатта, ўзаро ҳурмат асосида ўтишини истаймиз”, дейди Россия Ташқи ишлар вазири.

Ўз навбатида, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россия ва АҚШ ўртасидаги барқарор ва олдиндан башорат қилса бўладиган муносабатлар иккала мамлакат халқлари ва бутун дунёга фойда келтиришини таъкидлаган. 

“Биз Россия билан олдиндан тахмин қилса бўладиган, барқарор алоқаларга интиламиз. Бу бизнинг халқимизга, Россия халқига ва бутун дунёга фойдали бўлади, деб ўйлаймиз”, дейди Блинкен.

Қарама-қаршиликлар ҳақида

“Биз халқаро вазиятни баҳолашда жиддий келишмовчиликларга дуч келмоқдамиз. Нормаллаштириш учун ҳал қилиниши керак бўлган вазифалар бўйича ҳам икки ўртада турли қарашлар мавжуд”, дейди Лавров.

Ўз ўрнида, икки ўртадаги зиддият бўйича АҚШ томони ҳам фикр билдириб, қуйидагиларни маълум қилган: 

“Бизнинг [Россия ва АҚШ] ўртамизда келишмовчиликлар борлиги сир эмас. Зиддиятлар ҳақида гап кетадиган бўлса, Президент Жо Байден Президент Владимир Путинга айтганидек, агар Россия бизга, шерикларимизга ёки иттифоқчиларимизга қарши агрессив равишда ҳаракат қиладиган бўлса, биз бунга жавоб қайтарамиз”.

Ҳамкорлик ҳақида

“Агар бир неча марта телефон орқали суҳбатлашган Президентларимиз ўртасидаги муносабатни тўғри тушунган бўлсам, улар бизнинг манфаатларимиз бир-бирига мос келадиган ҳамда ижобий натижа олишимиз мумкин бўлган масалаларда ҳамкорлик қилишимизга рози. Хоҳ бу можароли вазиятлар бўлсин, хоҳ бошқа, энг муҳими, стратегик барқарорлик муаммоларида бўлсин”, дейди Сергей Лавров.

Россия ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, Корея ярим ороли, Эрон ядро дастури атрофидаги вазият, Афғонистон масаласи, аллақачон, икки давлат вакиллари ўртасида фаол муҳокама қилинмоқда. 

“COVID-19 ва пандемияга қарши кураш, иқлим ўзгариши, Эрон ва Шимолий Кореянинг ядровий дастурлари ҳамда Афғонистон билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш каби бизнинг манфаатларимиз бир-бирига мос келадиган кўплаб соҳалар мавжуд”, дейди АҚШ давлат котиби.

Блинкеннинг сўзларига кўра, расмий Вашингтоннинг фикри шундан иборатки, агар Россия ва АҚШ раҳбарлари ҳамкорлик руҳида биргаликда ишласа, у ҳолда икки давлат халқи ва бутун дунё янада хавфсизроқ бўлиши мумкин. 

Дипломатлар иши тўғрисида

Сергей Лавровнинг айтишича, Россия томони АҚШнинг аввалги маъмуриятидан мерос бўлиб қолган икки давлат ўртасидаги дипломатик фаолият билан боғлиқ “харобаларни тозалашга” тайёр. 

“Агар дипломатларнинг ишлаши учун нормал шароитларни таъминламасак, биз дипломатиянинг асл маъносига путур етказаётган бўламиз”, дея таъкидлади Лавров.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 276
Рейтинг: 2.9
t
×