Икки ҳудудда совуқдан музлаб ўлгани айтилаётган жасадлар топилди
3-саҳифа
−
23 Декабрь 2020
31199Қорақалпоғистон ва Самарқандда аломатларига кўра совуқда музлаб қолиш оқибатида ҳалок бўлган икки жасад топилди. Бу ҳақда ИИВнинг “Постда” газетаси хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 6 декабрь куни бедарак йўқолгани учун қидирувга берилган Қорақалпоғистоннинг Хўжайли тумани “Саришингул” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшаган, 1991 йилда туғилган Н.Р.нинг ташқи кўринишидан жароҳатсиз жасади “Кулаб” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан топилган.
Ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, у “тананинг умумий совуққотиши”дан ҳалок бўлганлиги аниқланган.
Худди шундай ҳолат Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида ҳам юз берган. Жорий йилнинг 17 декабридаги маълумотга кўра, “Фаровон Йўлдошобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Агросаноат” МЧЖга тегишли дала майдонидан Осиё миллатига мансуб, 30-35 ёшлардаги номаълум эркак кишининг ташқи кўринишидан жароҳатсиз жасади топилган.
Ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, у “тананинг умумий совуққотиши”дан ўлганлиги аниқланган.
Кўрилган чоралар натижасида жасаднинг шахси аниқланган. У Нарпай туманида яшаган, 1990 йилда туғилган Н.В. эканлиги маълум бўлган.
Айни пайтда ҳар икки ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси