ИИВ ҳузурида янги жамғарма ташкил этилади
Жамият
−
06 Март 2019 4762 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Қарорда 2019 йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузурида Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этиш белгиланди.
Жамғармани шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига тушумларнинг 10 фоизи;
- хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимлари томонидан тегишлилигига кўра уларга тааллуқли маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишлар бўйича ундирилган жарималар маблағлари;
- мазкур қарорга мувофиқ хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун келиб тушадиган маблағлар;
- халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари ҳамда қонунчилик билан таъқиқланмаган бошқа манбалар.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига Жамғарма маблағлари ҳисобидан хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларининг қўшимча штат бирликларини жорий қилиш ҳамда туристик намойиши ва инфратузилмаси объектларининг сони ҳамда ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ушбу соҳага фуқароларни шартнома асосида жалб қилиш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, вазирлик Жамғарма ҳисобидан хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимлари учун, қонунчиликда назарда тутилган бошқа қўшимча ҳақлардан қатъий назар, лавозим маошининг 100 фоизигача бўлган миқдорда рағбатлантирувчи устамалар белгилаш имкониятига ҳам эга.
Жамғарма маблағлари фақат қуйидагилар учун сарфланади:
- хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларининг ходимларини рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
- хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларининг касбий тайёргарлигини ошириш, улар томонидан илғор хорижий тажрибани, шу жумладан хорижий мамлакатларга чиқиш орқали ўрганиш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш;
- хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларининг қўшимча жорий этилган ва бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмайдиган штат бирликларини ҳамда шартнома асосида жалб қилинган фуқароларни молиялаштириш;
- хавфсиз туризмни таъминлаш соҳасида кўргазма ва ярмаркаларни ўтказиш, лойиҳа, дастур ва бошқа тадбирларни амалга ошириш.
Live
Барчаси