ИИВ ходими туман ҳокими бўлди
Жамият
−
21 Сентябрь 2019
11767Баҳром Бобохонович Турсунов Сурхондарё вилоятининг Узун тумани янги ҳокими этиб тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят Матбуот хизмати хабар берди.
Кеча, 20 сентябрь куни Халқ депутатлари Узун тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Тўра Боболов, туман Кенгаши депутатлари, вилоят ва туман ҳокимликлари вакиллари, корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, Президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев иштирок этди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Шу кунгача Музработ тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган Баҳром Бобохонович Турсунов Узун тумани ҳокими этиб тасдиқланди.
Маълумот ўрнида, Баҳром Бобохонович Турсунов 1981 йилнинг 12 ноябрида Қумқўрғон туманида туғилган. 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академиясини тамомлаган. Фаолияти давомида Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси тизимида турли лавозимларда ишлаган.