ИИВ блогерлар “Санжар Хўжа” ва Шерали Комилов нега қидирувга берилганини очиқлади

3-саҳифа

image

Ўзбекистонлик икки блогер – “Санжар Хўжа” тахаллуси билан танилган Санжар Икромов ҳамда Шерали Комилов қидирувга берилгани ҳақида хабар берган эдик. Ички ишлар вазирлиги юқорида номи келтирилган шахслар нима учун қидирилаётганини очиқлади. 

Маълум қилинишича, 1988 йилда туғилган Санжар Равшанович Икромов 2011 йилнинг 1 март куни Тошкент шаҳри Олмазор туманида фуқаро Ф.Х.дан автомашиналар олди-сотдиси билан шуғулланишини айтиб, Сергели автомобиль бозоридан арзон гаровга Nexia автомашинасини олиб беришни ваъда қилиб, 20 миллион сўм пулни алдов йўли билан ундириб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборганликда айбланмоқда.

Ҳолат юзасидан 2012 йил 31 март куни Тошкент шаҳри Олмазор тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, гумондор С.Икромов “терговдан яширингани” сабабли, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

1979 йилда туғилган Шерали Набихонович Комилов муқаддам 2011 йилда Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 2022 йил 14 март куни 168-модда (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди билан судланган.

Шунингдек, у 2021 йил 6 июнь куни фуқаро Ш.С.га (аёл) ўзини мустақил журналист ва блогер деб таништириб, аёлнинг ўғли – 1999 йилда туғилган Ш.А.га нисбатан Қашқадарё вилояти Косон тумани жиноят ишлари судининг Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 3-қисми “б” банди ҳамда 137-моддаси (одам ўғрилаш) 2-қисми “а”, “в” бандлари бўйича ҳукмини ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилиб, “сунъий шов-шув кўтариб”, “суднинг кейинги инстанция қарорларига таъсир ўтказиб”, жазони енгиллаштириб беришни ваъда қилган ҳамда жабрланувчидан 5 миллион сўм миқдорида пул ундириб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Шунингдек: 

2021 йилнинг 17 декабрь куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида фуқаро С.Г. (аёл)нинг, ишончига кириб, собиқ турмуш ўртоғи қарз бўлиб қолган маълум миқдордаги алимент пулини ундириб беришни ваъда қилиб, жабрланувчидан алдов йўли билан 5 миллион сўм миқдорида пулини олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган;

2021 йилнинг декабрь ойида фуқаро Қ.Х.ни уй-жой билан боғлиқ муаммоли масаласини ҳал этиб беришни ваъда қилиб, жабрланувчидан турли вақтларда 3 миллион сўм, сўнг 300 АҚШ доллари миқдорида пулларини алдов йўли билан ундириб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган;

2022 йилнинг 19 декабрь куни ижтимоий тармоқлар орқали Қарши шаҳар 5-сон тергов ҳибсхонаси ходими М.А. ва Қарши шаҳар ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ходими Б.Б.ни шаъни ва қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан ҳақорат қилганликда айбланаётгани маълум қилинган.  

Ҳозирда Ш.Комилов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида хавфли рецидивист деб топилиб, тергов органларидан яширинганлиги сабабли қидирув эълон қилинган.

“Мазкур шахсларни яширинган жойи ҳақида хабардор бўлган фуқаролардан 102 рақамига ёки ички ишлар органларига хабар беришларини сўраймиз”, дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ яна бир блогер, собиқ депутат Қобул Дусовнинг ҳам қидирувга берилгани ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ кейинчалик бу англашилмовчилик экани маълум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг