ИИО ходимига фуқароларни наркологик диспансерга ётқизиш бўйича қўшимча ваколат берилди

Жамият 4773
image

Эндиликда ички ишлар органларига ўз ташаббуси билан ҳам  наркологик касалликка чалинган шахсларни  мажбурий даволашга юбориш юзасидан ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштириш ҳуқуқи берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг кеча, 16 май куни қабул қилинган  “Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланди,   

Авваллари ички ишлар органлари томонидан наркологик касалликка чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштириш наркология муассасаларининг, наркологик касалликка чалинган шахс оила аъзоларининг ёки қариндошларининг илтимосномалари асосида амалга оширилар эди.

Мазкур қарор билан аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштириш кўзда тутилган. Хусусан, қарор асосида 2023 йил 1 январдан қонунчиликда қуйидаги ўзгариш ва янгиликлар кучга киради:

наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш бўйича барча тиббий текширувлар наркология диспансерларининг ўзида, зарур ҳолларда бошқа муассасаларда амалга оширилади;

наркология диспансерларидаги мавжуд койкалар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида олиш имконияти яратилади;

наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги ишларни электрон тарзда судларга юбориш ва судлар томонидан уларни видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқиш мумкин бўлади;

Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази ва ҳудудий филиалларининг амбулатор ва стационар бўлимларида тиббий психолог ёки психотерапевт лавозимлари жорий этилади;

Ҳудудлардаги туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида камида 10 ўринли мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пунктлари ташкил этилади;

Шунингдек, жорий йил якунигача наркологик беморларни ихтиёрий ва мажбурий даволаш учун наркология диспансерларида қўшимча 430 та ўрин ташкил этилади.

 

Аббос Лапасов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 82
Рейтинг: 3
t
×