ИИО ходимини пичоқлаган шахсни қўлга олишда ёрдам берган фуқаро мукофотланди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкентда ички ишлар органи ходимини пичоқлаганликда гумонланган шахсни қўлга олишда ёрдам берган фуқаро Ички ишлар вазири миннатдорчилиги ва 10 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. 20 май куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди. 

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 19 май куни Юнусобод деҳқон бозорида хизмат олиб бораётган ППХ инспектори сафдор Иззатбек Ибрагимов шубҳали тутган фуқарони тўхтатиб текширмоқчи бўлганида, у ёнидаги ўткир тиғли буюм билан ходимнинг ҳаётига суиқасд қилиб, бўйин қисмига тан жароҳати етказган эди. У воқеа жойидан яшириниш мақсадида шу атрофда бўлган автобусга қўлидаги пичоқ билан чиқиб олган. Ҳудудда хизмат олиб бораётган Патруль-пост хизмати ходимлари катта сержант Самат Каржанбоев, сафдор Сардор Абзалов ва профилактика инспектори лейтенант Ўктам Нормаматов тезкорлик билан фуқаролар хавфсизлигини таъминлаб,  автобусдан йўловчиларни эвакуация қилган. Сўнг хавфли жиноятчини махсус воситалар ва жисмоний куч ишлатиш йўли билан зарарсизлантириб қўлга олган. Ушбу жараёнда ИИО ходимларига фуқаро Владимир Авдиянц ҳам фаол ёрдам берган. 

Мазкур ҳолат Ички ишлар вазирлиги томонидан алоҳида эътироф этилди. Тошкент шаҳар ИИББда тантанали равишда бўлиб ўтган тадбирда фуқаро Владимир Авдиянцга “Ички ишлар вазирлигининг миннатдорчилиги” эълон қилиниб, 10 миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди. Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига асосан сержант Самат Каржаноев, сафдор Сардор Абзалов “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан, лейтенант Ўктам Нормаматов рағбатлантириш тариқасида муддатдан олдин “катта лейтенант” махсус унвони билан тақдирланди. 

Маълумот учун, гумондор шахс Х.А. 1963 йилда Жиззах вилоятида туғилган. У Жиззах вилояти Пахтакор туманида истиқомат қилиб келган, 2005 йилдан бери руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда туради.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25-моддаси ҳамда 97-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумон қилинувчи процессуал тартибда ушланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг