Игна ютиб юборган 19 ёшли қашқадарёлик йигит қутқариб қолинди
Жамият
−
24 Октябрь 2019
4671Шу йилнинг 17 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалига ғузорлик 19 ёшли Озод Норматов фавқулодда тиббий ёрдамга муҳтож ҳолда келтирилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аниқланишича йигит тикув игнаси билан тиш кавламоқчи бўлган, аммо эҳтиётсизлик оқибатида уни ютиб юборган.
Тиббиёт ходимларининг тезкорлик билан ўтказган текширувларидан сўнг уни Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг нейрохирургия бўлимига олиб боришга қарор қилинди. Икки тиббий муассасанинг малакали мутахассислари иштирокида ташкил этилган консилиумда жарроҳлар ҳамкорликда беморга ёрдам беришга кенгашиб олди.
"Текширувлар вақтида игна учинчи бўйин умуртқасининг чап томонида экани аниқланди", дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиали директори Равшан Туляков.
"Ноёб жарроҳлик амалиётини ЭОП (электрон-оптик преобразователь) ускунаси ёрдамида тажрибали хирурглар Сувон Бердиев ва Соат Темиров амалга оширди. Ушбу амалиётнинг мураккаблиги шундаки, салгина эҳтиётсизлик қилинса, у оғир оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Чунки бўйин қисмида жойлашган катта қон томирлари ва асаб тизимига зарар етказмасдан игнани бўйин умуртқасидан чиқариб олиш амалиёти жарроҳлардан юксак малака ва маҳорат талаб этарди. Ва жарроҳларимиз буни муваффақият билан уддалади. Жарроҳлик амалиёти асоратсиз тарзда амалга оширилди. Беморни яна ҳаётга қайтарганимиздан мамнунмиз", деди Равшан Туляков.
Айни пайтда бемор ўзини жуда яхши ҳис этмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь