ID-карта учун рўмолда расмга тушиш мумкинми? ИИВ жавоб берди
Жамият
−
22 Июнь 2021
49779Хабарингиз бор, жорий йилнинг 4 январидан Ўзбекистонда биометрик паспорт ўрнига ID-карталар бериш бошланди. Шахсни тасдиқловчи идентификация карталари бериш бошланиши билан фуқаролар орасида ID-карта учун рўмол билан суратга тушиш мумкинми, деган савол пайдо бўлди.
Ушбу саволга ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Хўжаев жавоб берди.
“Президентимизнинг Ўзбекистон фуқароларини хорижга чиқиш биометрик паспортларини расмийлаштириш ҳақидаги қарорида ҳамда ID-карталар бериш билан боғлиқ бўлган 6065-сонли фармонида барча нормалар келтирилган. Унга кўра фуқароларимиз биометрик паспорт ёки ID-карта учун расмга тушаётганда бош кийимда ёки кўзойнакда тушишлари чекланган. Сабаби бу халқаро ҳамжамиятда белгиланган норма ҳисобланади. Aгар фуқаро бош кийимсиз ёки кўзойнаксиз тушишдан бош тортса, маълумотларни қабул қилиш пункти уларга ID-картани ёки биометрик паспортни расмийлаштиришда рад жавобини бериши мумкин. Бу юқорида таъкидлаб ўтилган қарор ва фармонда белгиланган”, дейди Шуҳрат Хўжаев.
МФРББ бўлим бошлиғи Aҳрор Васлиев Хўжаевнинг жавобига қўшимча қилар экан, кўзойнак, рўмол ва бош кийим юздаги махсус нуқталарнинг аниқланишига ҳалақит қилишини айтди.
“Бу халқаро нормалардан ўтган нарса. Инсоннинг юзида шахсини тасдиқловчи “точка”лар мавжуд. Кўзойнак ёки рўмолда расмга тушиш эса фуқарони идентификация қилишга ҳалал беради. Шу сабабли ҳам ID-карта учун ёки биометрик паспорт учун расмга тушаётганда кўзойнак, бош кийим ва рўмолда тушиш халқаро нормаларда тақиқланган”, дейди Aҳрор Васлиев.
Маълумот ўрнида, 2020 йил 22 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картаси тўғрисида низомнинг 17-бандида агар фуқаро қўл бармоқ излари олинишидан бош тортса ёхуд кўзойнакда ёки бош кийимда суратга тушиш истагидан қайтмаса, маълумотларни йиғиш пункти фуқарога ID-карта расмийлаштиришни рад этади деб белгиланган.
LiveБарчаси