Ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш “Менинг йўлим” орқали амалга оширилади
Жамият
−
12 Сентябрь 2023
4868Ўзбекистонда бундан буён ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш учун бюджет маблағлари фақат “Менинг йўлим” дастури орқали ажратилади. Бу ҳақда Президент бошчилигида бўлиб ўтаётган йўл хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш бўйича долзарб масалалар юзасидан йиғилишда маълум қилинди.
Унга кўра, Ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш учун 2024 йилда “Менинг йўлим” дастури доирасида 800 миллиард сўм ажратилади.
“Энди қаерда ички йўл қуриш, қаердаги йўлларни таъмирлашни одамларимизнинг ўзи ҳал қилади. Шундай қилсак, лойиҳани танлаб олишда ва сифатни таъминлашда очиқлик бўлади, тўлиқ жамоатчилик назорати ўрнатилади”, деган Президент.
Шунингдек, Мирзиёев хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқишда янгидан тузилаётган жамғарма имкониятларидан фойдаланиш зарурлигини айтиб ўтган. Бунда, махсус ишчи гуруҳ йўл хўжалиги соҳасида инвестиция ва давлат-хусусий шериклик методологияси ва мезонларини ишлаб чиқади. Вилоят ҳокимлари билан биргаликда лойиҳалар танлаб олинади ва инвесторларни жалб қилиш учун тайёрланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг ўзида 470 та маҳаллада ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларига 410 миллиард сўм йўналтирилганлиги, 3 мингга яқин маҳалла йўлларига илк бор асфальт ётқизилиб, яна 2 мингта маҳалладаги тупроқ йўллар шағал қопламага ўтказилганлиги ҳақда хабар берган эдик.
LiveБарчаси