“Ичкари”дан ва “роддом”дан қайтиб чиқмаганлар. Йилнинг даҳшатли фожиалари
Таҳлил
−
31 Декабрь 2023
13657Сергелида уч фарзанди билан 9-қаватдан ўзини ташлаган она, Ички ишларга ўз оёғида кириб, жасади чиққан ёш йигитлар, хотинига жаҳл қилиб, 3 боласини ўлдирган қотил ота. Ҳа бу йил юз берган ушбу воқеалар қалбимизни ларзага келтирди. Қайд этиш жоиз, бу йил Ўзбекистонда фожиаларга тўла йил бўлди. Жонидан тўйиб, юқоридан сакраган, ўзини метро ва автобус тагига ташлаб, ўлганлар ҳам етарлича. Аммо ҳали ҳаётга тўймай, бошқаларнинг айби билан қурбон бўлган, ўлдирилган одамлар, дунё юзини кўришга улгурмаган гўдакларнинг ҳаётдан бевақт кетишига нима дейсиз?.. Келинг, бугун Ўзбекистонда жорий йилда юз берган энг даҳшатли фожиалар, қотилликлар ҳақида гаплашамиз.
“Роддом”дан ўлиги чиққанлар
2023 йилда республикада юз берган ўлимлар ҳақида маълумотни қидирар эканман, уларнинг орасида туғуруқхонадан ўлиги чиққан оналар ва чақалоқларнинг ўлими сезиларли даражада эканлиги эътиборимни тортди. Масалан, жорий йилнинг февраль ойида Қашқадарё вилояти Косон туманидаги туғуруқ комплексида бир аёлнинг аҳволи оғирлашиб, вафот этгани аниқланган. Ҳолат юзасидан Косон тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошлангани маълум қилинган аммо кейинчалик бу ҳақда прокуратура бошқа маълумот айтмаган. Аёлнинг ўлимига нима сабаб бўлгани, боласи тирик қолганми ёки йўқми, у ҳам очиқланмаган. Шунингдек, шу йилнинг июль ойида Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги туғруқхонада ҳомиладор аёл чақалоғи билан вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат бўйича расмий баёнот бериб, аёл муассасага олиб келинганида аҳволи ўта оғир, териси рангпар, совуқ тер босган, тана ҳарорати 39,5 даража, карахт ва саволларга аниқ жавоб бера олмайдиган аҳволда бўлганини иддао қилди. Бемор ўпканинг сунъий вентиляциясига ўтказилган. Бироқ соат 07:30 да беморда клиник ўлим ҳолати қайд этилган.
Яна бир ҳолатда эса жорий йилнинг 22 июнь куни 26 ёшли аёл муддатидан олдин эгизак чақалоқларни дунёга келтирган. Аммо эгизак қизалоқлар вафот этган. Худди шундай воқеа Қашқадарё вилоятида ҳам юз берганди. 2004 йилда туғилган аёл эгизак ўғилларини дунёга келтириш вақтида вафот этган. Бу ҳолатлар юзасидан албатта жиноят иши қўзғатилган, аммо энди оналар ҳам, болалар ҳам орамизда йўқ. Хуллас, бундай воқеаларни санашга бармоқларимиз камлик қилади.
Хўп, болаларнинг баъзилари шифокорларнинг айби билан, яна баъзилари эса эрта туғруқ каби сабаблар билан вафот этди. Бироқ, шундай воқеалар ҳам содир бўлдики, ота-оналар ўз болаларининг қотилига айланди. Бу фактларга дуч келиб, шунчалик ваҳший бўлиб кетяпмизми, деб ўйлаб қоласан...
Сергели фожиаси
Гап шундаки, жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳри Сергели туманида она 3 нафар фарзанди билан ўзини 9-қаватдан пастга ташлагани ҳақидаги хабар юракларни жунбишга келтирди. Она 2018-2019 йилларда туғилган ўғилларини, 2022 йилда туғилган қизини ва ниҳоят ўзини юқори қаватдан ташлаган. Она ва унинг уч нафар боласи олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойининг ўзида вафот этган. Уларнинг ўлимидан сўнг, одамлар орасида она ўз болаларини ўлимга маҳкум қилишига бир қанча сабаб борлиги айланиб юрди. Баъзилар аёл эрининг хиёнатига чидолмасдан бу ишни қилганини айтган бўлса, яна бошқалар эса унинг руҳий носоғломлиги ҳақида гапирди. Нима бўлган тақдирда ҳам она Яратганнинг уч жонига хиёнат қилишига ҳаққи бормиди? У нафақат ўзининг балки, уч норасиданинг ҳам келажагини барбод қилди.
Қотил оталар
Фарзанд тарбияси учун оналар билан бир қаторда оталар ҳам масъулдир. Аммо ота ҳали эсини таниб улгурмаган, гўдак боласининг қотилига айланса, нима дейиш керак?
Масалан, Самарқандда май ойида 39 ёшли эркак Россияда ишлайдиган хотинининг хиёнатига чидолмасдан икки ўғлини бўғиб ўлдирган. У турмуш ўртоғидан қасд олиш мақсадида уйида ухлаб ётган 2 нафар 2015 ва 2017 йилларда туғилган ўғилларидан "қасд" олган. Яна бир Самарқандда юз берган ҳолат ундан ҳам аянчли. 37 ёшли эркак Исроилда ишлаётган хотини билан телефонда келиб чиққан жанжалдан сўнг, уч нафар вояга етмаган фарзандини пичоқлаб ўлдирган. Ҳа бу воқеадан сўнг ота умрбодга қамалди. Аммо энди гўдаклар орамизда йўқ. Мени эътиборимни тортган жиҳати, болаларининг қотилига айланган дадалар икки ҳолатда ҳам турмуш ўртоғини четга ишга жўнатиб қўйиб, ўзи бекорчи бўлиб юрган. Бу ҳам етмагандай мурғак фарзандларининг бошини силаш ўрнига, уларнинг қотилига айланган.
Мактабдан ўлиги чиққанлар
Аммо шундай воқеалар ҳам бўлдики, ота-оналар фарзандларини ишониб жўнатган мактабдан уларнинг жасадлари қайтиб келди. Масалан, жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган 110-мактабнинг 8-синф ўқувчиси вафот этди. 5 соат дарсдан сўнг бола мактаб ҳовлисида вафот этган. Мактаб кузатув камераси видеоёзувлари ўрганилганида ҳодиса жойида жанжал ёки келишмовчилик содир бўлмагани аниқланган.
Суд-тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, унинг ўлимига “ошқозон ости безига кенг кўламли қон қуйилиши, ўткир юрак қон томир етишмовчилиги, ўнг кўз ёнида шилинма, ички аъзолари тўлақонлиги, бош мия ва ўпкалар шиши” сабаб бўлган.
Яна бир ҳолатда эса Юнусобод туманидаги 259-мактабнинг 6-синф ўқувчиси жисмоний тарбия дарси чоғида вафот этди. Бола дарс вақтида кўкрак қафасига копток тегиши оқибатида ҳушини йўқотган ва қайтиб турмаган.
Шунингдек, жорий йилнинг 27 ноябрь куни соат тахминан 18:15 ларда Мирзо Улуғбек тумани, 99-сонли умумтаълим мактаби 8 синф ўқувчиси 2009 йилда туғилган Амирхон Акромхўжаев, шу мактаб ҳовлисидаги спорт майдонидан чиқиб кетаётган вақтида боши билан йиқилиб, оғзи кўпириб, ҳушидан кетган. Мактаб ходимлари эса зудлик билан тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилган.
Орадан тахминан 15 дақиқа ўтганидан сўнг, ўқувчи тез тиббий ёрдам машинаси билан 15-сонли Республика Кардиология марказига олиб кетилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Амирхон Акромхўжаев вафот этган.
Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, Амирхон Акромхўжаевнинг ўлими “Электр жароҳати, электр токи ёйидан заҳарланиш, ўткир нафас юрак-қон томир етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши, чап қўл кафт соҳаси электр тамғаси” оқибатида юз берган.
Кейинчалик ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
ИИБдан ўлиги чиққанлар
Юқоридаги ҳолатлардан фарқли равишда баъзи ота-оналар ички ишларнинг тергов изоляторлари, ҳибсхоналарига ўз оёғи билан кириб, жасади чиққан фарзандларининг жасади устида ҳам кўз-ёш тўкишга мажбур бўлишди.
Жорий йилнинг май ойида Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 21 ёшли Ҳафизуллоҳ исмли йигит терговдан қочиш мақсадида ҳожатхонадан пастга сакраб, вафот этди. Қайд этилишича, йигит чўнтагида “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сақлаб келгани аниқланиб, жорий йилнинг 22 май куни Чилонзор тумани ички ишлар бошқармаси гиёҳвандликка қарши курашиш бўлимига олиб келинган. Бош прокуратура талқинига кўра, у бинонинг 4-қаватига суриштирув ҳаракатларини ўтказиш учун олиб чиқилганда, шу қаватда жойлашган ҳожатхонага кириб, тезкор ходимни чалғитган. У ҳожатхонанинг деразасидан, пастда жойлашган ошхонанинг шифер билан қопланган том қисмига сакраган. Шифернинг четки қисми синиши оқибатида Ҳафизуллоҳ ерга қулаб тушган ва ҳалок бўлган. Шундан сўнг Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда Бош прокуратура Ҳафизиллоҳ ўзини ташлагани иддао қилинган видеотасвирларни эълон қилди. Аммо тасвирларнинг бирортасида ҳам йигитнинг ерда ётган, шифохонага олиб борилаётгани ва ундан кейинги жараёнлар акс этган кадрлар кўрсатилмаган. Бундан ташқари, унинг тергов қилиниш жараёни, ҳожатхонага киришни сўрагани акс этган тасвирлар ҳам йўқ. Хуллас, бу воқеадан кейин "прокуратура ундай деди, ички ишлар бундай деди", қабилида гумонланувчининг ўлими юзасидан охиригача маълумотлар берилмади ва бу мавзу унутилмади.
Энг аламлиси, Ҳафизуллоҳнинг қабри совишга улгурмасидан яна бир қанча шунга ўхшаш воқеалар юз берди. Масалан, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасидан 33 ёшли фуқаронинг, Тошкент вилояти Бўка тумани Ички ишлар бўлимидан 36 ёшли эркакнинг, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бошқармаси тергов ҳибсхонасидан эса 22 ёшли йигитнинг ўлиги чиқди. Тегишли органлар томонидан уларнинг ўлимига турли хил важлар келтирилди. “Ичкари”дан ўлиги чиққанлар ҳақида маълумот тўплар эканман бўлди, бу рўйхат тугади, дейишим билан ҳеч қанча ўтмасдан Навоийда жазо муддатини ўтаётган маҳкум сақлаш камерасида ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар келиб тушди. У ҳам энди 24 ёшни қаршилаган йигит эди. Аммо бир савол қийнайди. Бу каби воқеаларнинг ниҳояси борми, тизимдагилар бу каби фожиалардан қачон сабоқ олади?
Шунингдек, ҳарбий хизматга борган йигитлар ҳам уйига тирик қайтмаган ҳолатлар кузатилди. Шу йилнинг июнь ойида Тошкентга муддатли ҳарбий хизматни ўтагани кетган 24 ёшли йигит вафот этди. Унинг ўлимига пневмония сабаб қилиб кўрсатилди. Аммо марҳумнинг яқинлари унинг ўлими билан боғлиқ ҳолатга шубҳа билан қаради.
“Менинг укам 2023 йил 14 март куни муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун кетганди. 26 июнь куни укангизнинг мазаси йўқ, ҳарбий госпиталга тушиб қолди, келмасангиз бўлмайди, деб телефон қилишди. Укам билан 24 июнь куни гаплашгандик. Соғлиғидан шикоят қилмаганди. Шифокор уни кўкарган ҳолатда келганини айтяпти. Унга пневмония ташхиси қўйилган. Бизга ўзидан кетиб қолди дейишди. Уни ўзидан кетиш жараёни, ҳарбий госпиталга кириб бориши тасвирланган видео керак. Шу билан қизиқяпмиз”, дейди марҳумнинг акаси.
Яна шунга ўхшаш ҳолат содир бўлиб, Жиззах вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган 19 ёшли аскар вафот этди. Дастлабки маълумотларга кўра, Миллий гвардиянинг Жиззах вилояти бошқармасида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган 19 ёшли оддий аскар тиббиёт бўлими фельдшерига ошқозонида оғриқ борлиги билан мурожаат қилган.
У Самарқанд ҳарбий госпиталига олиб борилиб, тиббий кўрикдан ўтказилган. Мутахассис-терапевт врачнинг сурункали ошқозон касаллигининг қўзиш даври ташхиси билан терапия бўлимига стационар даволаниш учун ётқизилган. Аммо аскарнинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳарбий госпиталда вафот этган. Ўтказилган суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, унда ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги сабабли тўсатдан ўлим ҳолати қайд этилган.
Лифтдаги ўлим
Юқоридаги ҳолатда тизимдагилар қачон хулоса чиқаради деб асосан ички ишлар органларини назарда тутдим. Аммо дарс чиқариши керак бўлганлар фақат ички ишлар органлари эмас чамамда. Бу сафарги ўлик қамоқхонадан эмас лифтдан чиқди.
Гап шундаки, жорий йилнинг июль ойи охирида Тошкент шаҳрида 32 ёшли почтачи аёл лифтда қамалиб қолиб, вафот этди. У лифтда 3 кун қолиб кетган. Дастлаб аёлнинг ўлимига электр ўчгани сабаб қилиб айтилганди. Текшириш давомида кўп қаватли уйда яшовчилар ушбу лифт бир неча кундан буён ишламаётгани, олдин ҳам носозлик ҳолатлари кўп такрорлангани ҳақида маълум қилган. Шу орада, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, эътибор беринг, “28 июль куни мутахассислар томонидан жойига чиқиб ўрганилганида, лифт қурилмасининг хавфсизлик мосламалари ишчи ҳолатдалиги юзасидан бирламчи кўрик ишлари амалга оширилди ва уларни ишчи ҳолатдалиги аниқланди”, дея расмий муносабат билдирди.
Ваҳоланки, лифт 24-28 июль кунлари ишламаётганлигини воқеа гувоҳлари, уй яшовчилари ўз тушунтиришларида, шунингдек, воқеа жойида холис суриштирув олиб борган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистларнинг видеорепортажларида тўлиқ ўз тасдиғини топган.
Шундай қилиб, масъуллар бу фожиа юзасидан жавобгарликни ўзидан соқит қилди. Бу даврда эса ушбу воқеа дунёга тарқалиб, ҳолат ортидан бир қанча дунёнинг машҳур оммавий ахборот воситалари “Тошкентда аниқ ва қатъий ҳокимият йўқ”, дея бонг уриб чиқишди.
Бу йил Ўзбекистонда юз берган ўлимлар сарҳисобини қилишда давом этар эканман уларнинг охири йўқдек кўринди. Барча воқеаларни эслаб, кўздан кечирганимда даҳшатли қотилликларни, фожиаларни кўриб одамлар учун барчаси шунчалик осон, шунчалик оддий бўлиб қолгандек туйилди. Ахир бу воқеаларнинг ичида ўз жонига қасд қилганлар, ота-онасини ўлдирганлар, ҳали ҳаётга тўймаган ёш болалар қотиллари бор.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тизимдагилар ёки бошқа давлат ташкилотлари бундай даҳшатли воқеалардан ўзига хулоса чиқарадими ёки йўқми, билмаймиз. Аммо инсонга умр бир маротаба берилади ва уни мазмунли ўтказиш, бировга яхшилик қила олмасак, ҳеч бўлмаганда унга ёмонлик ҳам қилмаслигимиз керак. Ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг. QALAMPIR.UZ'ни кузатишда давом этинг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь