ИҲТга раислик Туркманистондан Ўзбекистонга ўтади – ОАВ

Жамият

image

Келаси, 2022 йилда Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га раислик қилади. Бу ҳақда “Спутник” ёзмоқда. 

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизматининг хабар беришича, бугун, 27 ноябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхободда ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 25-йиғилиши бўлиб ўтган. Унда мамлакат ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов иштирок этиб, нутқ сўзлади. 

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўз нутқида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти мамлакатларида савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлаб, бунинг учун савдо тўсиқларини бартараф этиш, божхона ва бошқа жараёнларни енгиллаштириш, транспорт-коммуникация тизимини ривожлантириш муҳимлигини қайд этган. Ўз навбатида, Афғонистонни минтақавий жараёнларга жалб этиш, ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилишига кўмаклашиш ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлиги билдирилган.

Тадбир давомида томонлар Ташкилотнинг бўлажак саммитига тайёргарлик кўриш ва Давлат раҳбарлари кўриб чиқиши учун киритилган қатор ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан фикр алмашган.

Бундан ташқари, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган. Ташкилотнинг ихтисослашган институтлари ҳисоботлари тингланган ва тасдиқланган.

Қайд этиш керакки, эртага, 28 ноябрь куни Туркманистон пойтахтида тузилманинг навбатдаги 15-саммити бўлиб ўтади, унда Шавкат Мирзиёев иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, келаси, 2022 йилда Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига ҳам раислик қилади.

Маълумот учун, ИҲТга 1985 йилда уч давлат: Эрон, Покистон ва Туркия томонидан асос солинган. 1992 йилда ушбу халқаро ташкилотга яна 7 та давлат аъзо бўлган. Булар: Озарбайжон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

111

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг