Hyatt Regency'дан “Обод маҳалла”гача. 2022 йилда Тошкент шаҳрига ажратилган маблағлар қаерларга йўналтирилади?

Жамият 1694
image

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарори билан 2022 йил учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети тасдиқланди. Унга кўра, 2022 йил Тошкент шаҳрининг бюджети захира жамғармаси 42,9 миллиард сўмни ташкил қилади.

Қайд этилишича, 2022 йил учун пойтахт ва унинг туманлари маҳаллий бюджетлари жами 6 триллион 44 миллиард сўм, шу жумладан, Тошкент шаҳар бюджети 4,2 триллион сўм, туманлар бюджети 1,6 триллион сўм миқдорида тасдиқланган.

Қарорга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда туман ҳокимликларининг Захира жамғармалари маблағлари шаҳар ҳамда туманлар бюджетларида кўзда тутилмаган, кечиктириб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилади.

Тошкент шаҳрининг иқтисодий кўрсаткичлари прогнози қуйидагича белгиланган:

•  ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) — 120 миллиард сўм;

•  ЯҲМ ўсиш суръати — 7,5 фоизи;

•  саноат маҳсулотларининг ўсиш суръати — 6,3 фоизи;

•  хизмат кўрсатиш соҳаси ўсиш суръати — 30,1 фоизи.

Қуйидагилар шаҳар бюджети даромадларининг асосий манбалари ҳисобланади:

•  юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ — 728,8 миллиард сўм;

•  айланмадан олинадиган солиқ — 586,8 миллиард сўм;

•  юридик шахслардан олинадиган ер солиғи — 567,7 миллиард сўм;

•  давлат божи — 513,9 миллиард сўм;

•  бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализациясидан солиқ — 374,4 миллиард сўм;

•  жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи — 373,3 миллиард сўм.

2022 йилда шаҳар буджетининг (туманлардан ташқари) харажатлари 4,43 трлн сўм миқдорида прогноз қилинмоқда.

Хусусан, Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси кредитини қоплаш учун тўловлар давом эттирилади. Бунинг учун 2020 йилда 66,4 млрд сўм, 2021 йилда 71,3 миллиард сўм ажратилган бўлса, жорий йилда 69 млрд сўм йўналтирилиши режалаштирилган. Меҳмонхона қурилишига 205 млн доллар, жумладан, Халқ банкининг жамғариб бориладиган пенсия тизими ҳисобидан 100 млрд сўм кредит ажратилган. Меҳмонхонани хусусийлаштириш режалаштирилган.

Пенсионерларнинг метрополитенда соат 10:00 дан 16:00 гача ва максимал тарифларда (Президентнинг 2021 йил 16 октябрдаги ПҚ-5260-сон қарорида назарда тутилган харажатларни ҳисобга олган ҳолда) текин ҳаракатланишидан кўрилган зарарларни қоплаш учун 116,5 млрд сўм ажратилади. 2021 йилда пенсионерлар учун бепул ҳаракатланиши атиги 9,7 млрд сўмни ташкил этган.

Жамоат транспортининг йўқолган даромадларини (транспорт карталаридан фойдаланиш ҳисобига), шунингдек, максимал тарифлар ва юкларни ташиш ва хизматлар кўрсатиш бўйича йўқотишларни қоплаш учун 150 млрд сўм (259 млрд сўм) ажратилди.

“Обод маҳалла” дастурига Ўзбекистон Президенти томонидан 500 млрд сўм тақсимланиши кўзда тутилган. Ушбу дастурга яна 500 млрд сўм йўналтирилади.

Иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарувчиларнинг аҳолига иссиқлик таъминоти хизматлари учун пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўрган йўқотишларини субсидиялаш учун 732,2 млрд сўм йўналтирилди, бу 2021 йилга нисбатан 68,5 фоизга кўпдир. Эслатиб ўтамиз, эндиликда Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларга иссиқлик таъминоти хизматларининг тартибга солинадиган тарифлари Франциянинг Veolia компанияси тақдим этган ҳисоб-китобларга кўра, халқ депутатлари шаҳар кенгаши қарори билан 1 майга қадар тасдиқланади.

Кўп қаватли уйлардаги лифтларни таъмирлаш ва янгилаш учун 85,5 млрд сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 11
Рейтинг: 2.8
t
×