“Human” нашри масъуллари товламачиликда айбланмоқда – ДХХ 

Жамият

image

“Human” нашри масъуллари товламачиликда айбланмоқда. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизматининг Telegram каналида маълум қилинди. 

“ДХХ органлари томонидан фуқаро И.А.дан келиб тушган мурожаатга асосан, фуқаро Д.Х. ва бошқаларнинг “Telegram” мессенджеридаги “Kompromat.uzb” ва бошқа каналлар орқали амалга оширилган жиноятларга алоқадорликлари сабабли уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва хозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда. 

Хавфсизлик хизматининг тергов давомида процесс иштирокчилари адвокат билан таъминланганини айтиб, тергов жараёнларини олиб боришда уларнинг қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши кафолатланишини айтмоқда.

“Ушбу жараён билан боғлиқ маълумотлар доимий равишда эълон қилиб борилади”, дея қўшимча қилинган хабарда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси “Товламачилик” деб аталиб, жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш жиноятларини ўзида қамраб олади.

Унга кўра, бу уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар товламачилик:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) кўп миқдорда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, товламачилик:

а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳолат юзасидан Президент Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам муносабат билдириб, Хуршид Далиев, Муслим Мирзажоновларнинг устидан фуқаролар шикоят қилганини билдирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made