HUMAN’га алданганлар Мустақиллик майдонига тўпланди. Улар суд ва бошқа мутасаддилардан норози
Жамият
−
28 Январь 2020
12059“HUMAN” бандлик агентлигининг раҳбарига нисбатан суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берган эдик. Бандлик агентлигининг ваъдаларига ишониб, сўнг чув тушган фуқароларнинг бир неча нафари суд қароридан, шунингдек масъул давлат ташкилотларидан норози. Улар бугун, 28 январь куни пойтахт марказидаги Мустақиллик майдонига тўпланди. Бу ҳақда норози фуқароларнинг ўзи хабар берди.
“Бизнинг Президент қабулига боришимизга ҳеч ким йўл бермаяпти. Президент билсинлар. Улар бунақа ҳолатларга йўл бермайди. Бошқа ҳеч ким ҳал қилиб бера олмайди. Бир йил бўлди. 13 миллион сўм пул тўлаганман. Ҳар ой 200 доллар фоиз пули олиб бориб бераман. Ўғлим касал бўлиб қолди. Буни бадалини ким тўлайди? Президент қабул қилишини сўрайман. Шу ерда турган болларимнинг номидан сўрайман”, дейди алданган аёллардан бири.
Майдонга келган фуқаролар ичида ёшлар ҳам бўлиб, нафақат суддан Меҳнат органлари берган лицензиялар устидан ҳам шикоят қилган.
“Бу ерда ҳамма суддан норози. Чунки, биринчи судда “6 миллиарддан ошиқ пул топилди” дейишди. Лекин суд якунида бу пул 1 миллиард сўмдан ортиқроқ бўлган дейишмоқда. Нимага? Қолган 5 миллиард сўм пул қаерга кетяпти? Биз суд қароридан норозимиз. Биз уни қамалишини хоҳламаймиз. Бизга бундан умуман фойда йўқ.
Алданганлар ичида 1200 нафар одам бор. Ҳеч ким оилавий шароити яхши бўла туриб, четга чиқишни хоҳламаган. Ҳаммаси оилавий шароитини яхшилаш ниятида кетмоқчи бўлган. Нимага ҳамма бечорани қийнаяпти. Ҳамма ташкилот ўрганяпмиз, қиламиз, дейди. Натижа йўқ. Ҳаммамиз лицензияга алданганмиз. Буларга топширишдан олдин бандлик органига телефон қилганман, суриштирганман. Бизга айтишсин, пулларимиз қаерга кетган?
Терговчи ҳаттоки “дело”ни билмайди. Ичидагини ўқиб беролмаяпти. Биз ортиқча нарса сўрамаяпмиз. Бизга пулимизни қайтариб берсин, бўлди”, дейди видеодаги шикоятчилардан бири.
Ушбу масала мутасадди ташкилотлар томонидан зудлик билан ўрганиб ижобий ҳал этилишига умид қиламиз. Оилавий шароити оғир инсонлар нон топиш учун ўзга юртга кетишни бўйнига олган. Ахир, энди улар қарз кўтариб олган пулларига ҳам алданиб қолмасин.
Эслатиб ўтамиз, кеча 27 январь куни бандлик агентлигининг раҳбари Шоҳинур Файзуллаевга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тергов жараёнида мингдан зиёд жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарлар қатнашган. Умумий зарар миқдори 21 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилгани аниқланган.
"HUMAN" ҳусусий бандлик агентлиги ўзининг фаолиятини Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан берилган лицензия асосида юритган.
LiveБарчаси