Гвинея ҳарбийлари тўнтариш уюштириб, Президентни ҳибсга олди 

Олам 8537
image

Бугун, 5 сентябрь куни Гвинея Президенти Альфа Кондени давлат тўнтариши уюштирган бир гуруҳ аскарлар ҳибсга олди. Бу ҳақда Rbc ёзмоқда

Қайд этилишича, қўзғолон раҳбари, полковник Мамади Думбуей ҳукумат тарқатиб юборилгани, мамлакат конституциясининг тўхтатилгани ҳамда чегараларнинг ёпилганини эълон қилган.

“Мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий вазият, республика институтларининг кучсизлиги, адолатсизлик, фуқаролар ҳуқуқларининг бузилиши, молиявий бошқарувнинг самарасизлиги республика армиясини Гвинея халқи олдида жавобгарликни ўз зиммасига олишга мажбур қилди”, дейди у.

Полковникнинг сўзларига кўра, Бирлашиш ва тараққиёт миллий қўмитаси ҳокимият тепасига келган.

“Guineenews” хабарига кўра, армия ҳукуматнинг бир неча юқори мартабали амалдорларини ҳам қўлга олган.

Маълумот ўрнида, Гвинея Африканинг ғарбида жойлашган давлат. Мамлакат пойтахти Конакри. 12 миллион одам яшовчи ушбу давлат Кот-д’Ивуар, Сенегал ва Мали билан умумий чегарага эга. Гвинея иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган. 2017 йилда 2,9 миллиард долларлик товар экспорт қилинган. Таққослаш учун худди ўша йили Ўзбекистоннинг экспорти 14 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган.     

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 497
Рейтинг: 2.9
t
×