Гвардиола Холанд АПЛ тарихидаги катта рекордлардан бирини уришига ишоняпти

Спорт

image

Англиянинг “Манчестер Сити” клуби бош мураббийи Хосеп Гвардиола Эрлинг Холанднинг АПЛда (Англия Премьер лигаси) бир мавсумда энг кўп гол уриш борасидаги рекордни янгилашига умид билдирди. Бу ҳақда Гвардиоланинг сўзларига асосланиб, “Goal” нашри ёзмоқда.

Гап шундаки, журналистлар испаниялик мураббийдан Холанд АПЛда бир мавсумда 34 тадан кўп гол уриб, Алан Ширер ва  Энди Коулга тегишли рекордни бузиб ташлайдими, деб сўрашган.

“Биз буни билиш учун даҳо бўлишимиз шарт эмас. Агар, Холанд худди шу ритмда давом этса, ўртача мана шундай тезликда ўйнаса, у рекордни бузади, албатта. Лекин бу футбол эканини унутмаслигимиз керак. Унда сиз кетма-кет тўп киритишингиз мумкин ва бир-неча кундан сўнг, гол уришдан тўхташингизнинг ҳам эҳтимоли мавжуд”, деган “Манчестер Сити” устози.

Хосеп Гвардиоланинг қўшимча қилишича, унинг қўл остида ўйнаган барча кучли ҳужумчиларда гол уриш учун иштиёқ жуда юқори бўлган ва бу нормал ҳолат ҳисобланади.

“Мен Эрлинг билан рекорд ҳақида гаплашмадим. У ҳам бошқалар каби жамоамиз ютқазганда хафа бўлади. Ғалаба биз томонда бўлганда эса хурсандчилик қилади. Фаолиятимда кўрган барча ҳужумчилар, хусусан, Самюэль Это'о, Лионель Месси, Роберт Левандовски, Томас Мюллер ва Серхио Агуэро уларнинг барчаси гол уриш учун кучли иштиёққа эга. Холанд ҳам улар каби бўлиши керак”, деган испаниялик мураббий.

22 ёшли ҳужумчи жорий мавсумда “Манчестер Сити” сафида 15 та учрашувда майдонга тушиб, 22 та гол урди. Шулардан 17 таси Англия Премьер лигасининг 11 та ўйинида киритилган. 2022-2023 йилги мавсум якунланишга 27 та тур бор. Агарда, Холанд кутилмаган жароҳатга йўлиқиб қолмаса, ҳозиргидан пастроқ тезликда ҳам Энди Коул ва Алан Ширерга тегишли 34 та голдан иборат довонни забт этади.

Аввалроқ, АПЛ тарихидаги энг яхши тўпурарлар ким эканлиги ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот учун, “Манчестер Сити” Эрлинг Холандни 2022 йилнинг ёзида “Боруссия Дортмунд”дан 75 миллион евро эвазига сотиб олди. Ҳозирда, “Тransfermarkt” портали норвегиялик футболчини 150 миллион еврога баҳоламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Хосеп Гвардиола Эрлинг Холанд “Манчестер Сити”

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг