Гутерриш ва Эрдўған Анқарада музокара ўтказди
Олам
−
25 Апрель 2022
4977Бугун, 25 апрель куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқарада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришни қабул қилди. Бу ҳақда “Anadolu agency” хабар берди.
Қайд этилишича, Президент мажмуидаги учрашув матбуот учун ёпиқ эшиклар ортида ўтган.
БМТ матбуот хизмати Анқаранинг ортидан БМТ Бош котибининг Россия ва Украинага боришини билдирди.
“Гутерриш Россия Президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказиш мақсадида 26 апрель куни Москвага ташриф буюради, 28 апрель куни эса Киевда Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашиши режалаштирган”, дейилади хабарда.
Аввалроқ, Туркия Президенти Украина Президенти билан телефон орқали мулоқот қилган эди. Томонлар Украинадаги уруш ва музокара жараёнига оид масалаларни муҳокама қилган.
Туркия раҳбари вазият кундан-кунга қайғули бўлиб бораётганини таъкидлаб, ярадорлар ва тинч аҳолини Мариуполдан эвакуация қилишни таъминлаш зарурлигини таъкидлаган. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Анқара Украинага Россия билан музокаралар жараёнига, жумладан воситачилик саъй-ҳаракатларига барча зарур ёрдам кўрсатишга тайёр.
Туркия раҳбари Украина учун хавфсизлик кафолати бўлиш масаласига ижобий қарашини таъкидлаган.
LiveБарчаси