Гуруҳ назоратчиси партанинг тагига нима қўйганига изоҳ берилди
Жамият
−
05 Сентябрь 2020
18401Бугун, 5 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда тест синовларидан сўнг гуруҳ назоратчиси парта тагига нимадир қўйиб кетгани акс этган видео кенг тарқалди. Давлат тест маркази вазиятга ойдинлик киритди.
Марказнинг маълум қилишича, бу ерда ҳеч қандай қоидабузарлик ҳолати мавжуд эмас. Гуруҳ назоратчиси парта тагига телефон ёки шу каби бирор қурилма эмас, балки тиббий ниқобни қўйган, холос.
Бир неча кун аввал ҳам тест синовлари жараёнида саволлар китобчаси ва телефондан фойдаланиш ҳолатлари акс этган тасвирлар тарқалди. Бу каби вазияталарга Давлат тест маркази атрофлича муносабат билдирмай келди.
2019-2020 ўқув йили учун ўтказилган тест синовлари жараёнида марказ томонидан ҳар куни маълумотлар кунлик тақдим этилган эди. Бу йилги жараёнларда бироз сусткашлик кузатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бу йилги тест синовлари очиқ майдонларда 2 сменада ташкил этилмоқда. Имтиҳонлар сентябрь ойининг 16 санасига қадар давом этади.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси