Гулнора Каримова танқидига учраган, Россияда олигархга айланган кичик Комилов ҳақида нималар маълум?
Таҳлил
−
05 Март
48238Ўтган ҳафтада “Ўзбекнефтгаз”га тегишли 78 та “заправка” ҳамда “Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи” собиқ Ташқи ишлар вазири амалда Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили бўлиб фаолият юритаётган 76 яшар Абдулазиз Комиловнинг 52 ёшли ўғли Дониёр Комиловга қарашли компания тасарруфига ўтди. 2021 йилда эса Дониёр Комилов Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ бош биносини шубҳали тарзда сотиб олган эди. Сўнгги йилларда у билан боғлиқ хабарлар тез-тез эшитилиб тургани билан, Комилов шахси жамоатчиликка унчалик таниш эмас. Хўш, шу кунга қадар Дониёр Комилов қандай фаолият билан шуғулланган? У ҳақида нималар маълум?
Россия фуқаролиги ва Россиядаги фаолият
Ўзбекистоннинг собиқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли, Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси раҳбари Шароф Рашидовнинг набираси (қизи Гулнора Рашидованинг ўғли) – Дониёр Комилов 1972 йилда туғилган. Маълумотларга кўра, у Россия фуқароси ҳисобланади. Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2014 йилда Х (Тwitter)даги саҳифасида Дониёр Комилов бир пайтнинг ўзида ҳам Ўзбекистон, ҳам Россия фуқароси эканини, бу эса қонунчиликка зидлигини танқид қилиб чиққан эди. Гулноранинг сўзларига кўра, Дониёр Россиянинг “Газпромбанк”идаги фаолияти даврида банк пулларини ўмарган ва бу иши маълум бўлгач, Швейцарияга қочиб кетган.
Мутахассислиги бўйича кичик Комилов иқтисодчи, Москва Халқаро муносабатлар институти ва Москва Давлат университетларини тамомлаган. Баъзилар Дониёр Комилов олигарх Алишер Усмоновнинг қўллови билан Россияда пул ва обрў-эътибор орттирган, деб айтади.
“Forbes.ru” нашрининг ёзишича, Дониёр “Газпромбанк”нинг биринчи вице-президенти лавозимида ишлаган ва банкка қарашли “ОМЗ” машинасозлик холдинги ва унинг шўъба корхоналари директорлар кенгаши аъзоси бўлган.
2022 йилга келиб, Дониёр Россияда биринчи, дунё бўйича тўққизинчи рақамли энг йирик мис ишлаб чиқарувчи – Урал кон-металлургия компанияси (УКМК)нинг янги бенефициар эгасига айланди. Ўша йили УКМК билан боғлиқ бўлган асосий активларнинг умумий даромади “Кузбассразрезуголь”, “Уголь-Транс” логистика компанияси, “Ростерминалуголь” ва “Восточний порти” билан бирга деярли 890 миллиард рубль 7,1 миллиард долларни ташкил этган, умумий соф фойда 190 миллиард рубль (15 миллион доллар)дан ошган.
Аслида, Дониёр Комиловнинг Москвада рўйхатдан ўтган компаниялари талайгина. Хусусан, у “Селена”, “КТС”, “ВЛК”, “Холдинг Инвест”, “Гломaкс” МЧЖларининг таъсисчиси ҳисобланади.
Ўзбекистон энергетик саноатига бўлган қизиқиш
2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг асосий кўмир активи “Ўзбеккўмир” АЖнинг 45 фоиз улуши Россиянинг “Прогрессгортех” МЧЖ назоратига ўтиши ҳақидаги Қарор лойиҳасини эълон қилди. “Прогрессгортех” МЧЖнинг таъсисчилари Николай Геннадьевич Эмельянов ҳамда Дониёрга тегишли “Селена” МЧЖ ҳисобланади. “Селена” МЧЖни эса, Дониёр Комилов Николай Эмельянов билан бирга ташкил этган.
Ўзбекистоннинг асосий кўмир активи россиялик миллиардерлар қўлига ўтиши кўпчиликни ташвишлантирди. Кейинчалик Президент Қарорига ўзгартириш киритилди ва “Ўзбеккўмир” АЖ улушлари “Прогрессгортех”га берилмайдиган бўлди.
Шунингдек, Дониёр Комиловнинг “Progressgortech-Asia” номли компанияси ҳам мавжуд. Маълумотларга кўра, компания Ўзбекистон аэропортларига авиакеросин етказиб бериш билан шуғулланади, Ўзбекистоннинг 9 та аэропортида фаолият юритади.
Бир неча кун аввал “Ўзбекнефтгаз”нинг 78 та АЁҚШини назорат қилувчи “UNG Petro”нинг 100 фоизлик улуши Дониёр Комиловга тегишли, очилганига ҳали бир йил ҳам бўлмаган компанияси – “Petroleum Technology Group”га ўтгани маълум бўлди. Қизиқ томони шундаки, устав фонди 265 миллиард сўмни ташкил этадиган компанияни устав фондида 101 миллион сўм бўлган “Petroleum Technology Group” МЧЖ сотиб олган. Янада ажабланарлиси, на Давлат активларини бошқариш агентлиги ва на “Ўзбекнефтгаз” давлат тасарруфидаги “заправка”ларнинг қачон ва қанчага сотилгани ҳақида хабар берди.
Орадан кўп вақт ўтмай, “Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ ҳам хусусийлаштирилгани, харидор эса яқинда “UNG Petro” АЁҚШларини харид қилган “Petroleum Technology Group” МЧЖ экани аниқланди. Ушбу олди-сотди иши билан боғлиқ маълумотларни ҳам расмийлар очиқламади.
Комиловнинг Ўзбекистондаги бизнес фаолияти
Россия нашлари Дониёр Комиловни россиялик олигарх деб атайди. Лекин рус манбаларида ҳам, ўзбек манбаларида ҳам Комиловнинг қанча бойлиги борлиги ҳақида маълумотлар йўқ. Фақатгина унинг кўплаб компаниялари мавжудлиги ва унга тегишли бизнес компаниялари сўнгги йилларда Ўзбекистон бозорига фаол равишда кириб келаётгани маълум.
2022 йил февраль ойида Дониёр Комиловнинг компанияларидан бири “First Premium Alliance” Ўзбекистондаги энг йирик спиртли ичимликлар заводи – Қўқон биокимё АЖни 277 млрд сўмга хусусийлаштирди. 2020 йилнинг декабрь ойида ташкил топган “First Premium Alliance” алькоголли маҳсулотларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланади.
Дониёр Комиловга тегишли яна бир компания – “Metropol Group” МЧЖ 2021 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳри Сайилгоҳ кўчасида жойлашган ДХХнинг собиқ марказий биносини 210 миллиард сўмга сотиб олди. Бино ўша вақтда Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида турарди. Унинг сотилишига жамоатчилик норозилик билдиришига қарамай, бино сотилди. Орадан икки кун ўтгач, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан бино Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхатидан чиқариб юборилди. Бино ҳозир бутунлай бузиб юборилган, унинг ўрнида “Radisson Collection Hotel” меҳмонхонаси қурилади.
Йиллардан буён қабул қилинмай келаётган “етим” қонун
Бутун бошли мамлакатда коррупциянинг асосий сабаби деб кўрсатилаётган ва қариндош-уруғчиликка чек қўйиши мумкин бўлган муҳим қонун ҳали имзоланмади. “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун 2022 йилнинг 25 октябрь куни қабул қилиниб, Сенатга юборилган эди. 2023 йилнинг 1 июнь куни Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланди ва Давлат раҳбарига имзолаш учун юборилди. Шу билан унинг тақдири ҳозиргача номаълум бўлиб қолмоқда. Балки, “етим” қонунимиз қабул қилиниб, кучга кирганда Ўзбекистондаги йирик объект ва тaрмоқлар амалдорларнинг қариндошлари яқинда ташкил этган компаниялари қўлига бу каби сирли тарзда ўтиб қолмасмиди?!
Яна бир муҳим ташаббус қоғозда қолиб кетмоқда: Президент Фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими ҳам жорий этилиши белгиланганди.
Бироқ, ҳалигача бу қонундан дарак йўқ. “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак эди. Агентликнинг QALAMPIR.UZ’га берган маълумотига кўра, 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ДХХ, ИИВ, ДСҚ, Олий суд, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Марказий банк билан дастлабки ва идоравий келишувлардан ўтказилиб, уларнинг таклифлари асосида такомиллаштирилган. Қонун лойиҳаси 2021 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
Агар лойиҳа киритилган бўлса, орадан мана икки ярим йил вақт ўтиб кетди. Афсуски, ҳозиргача бу қонуннинг дараги чиққани йўқ.
Имконияти борлар эса, қонун қабул қилиниб Ўзбекистонда коррупцияга боғлиқ лазейкалар ёпилгунига қадар давлат активларини ўз фойдасига хусусийлаштириб олишга ҳаракат қилмоқда.
Моҳинур Маматова
LiveБарчаси