Грузиядаги кўмир конида кучли портлаш юз берди
Олам
−
31 Январь 2022
3507Кеча, 30 январь куни Грузиянинг Ткибули шаҳрида жойлашган (Имерети вилояти) кўмир конида кучли портлаш юз берди. Оқибатда камида бир киши ҳалок бўлди, саккиз киши жароҳатланди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
Қайд этилишича, портлаш 31 январга ўтар кечаси содир бўлган. Бир киши ҳалок бўлган, саккиз нафар жабрланувчи пойтахт шифохоналаридан бирига ётқизилган. Жабрланганлардан бирининг аҳволи оғир экани айтилмоқда. У баданининг юқори қисми ва нафас йўллари куйган ҳолда жонлантириш бўлимига ётқизилган.
"Бир кишининг жароҳати жуда оғир эди, шу сабаб у бизнинг кўз ўнгимизда ҳалок бўлди. Портлаш оқибатида кончилар жароҳат олди", дейди шаҳар мери Давид Черкезишвили.
Хабарга кўра, барча қурбонлар аллақачон Тбилисига етказилган. Уларда турли даражадаги куйишлар бор. Фожиа сабаблари тергов томонидан аниқланади.
Мамлакат Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизматининг хабар беришича, ҳодиса юзасидан “Тоғ-кон, қурилиш ёки бошқа ишларни олиб боришда хавфсизлик қоидаларини бузиш, инсон ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келиши” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Маълумот учун, Ткибулида ўнлаб кўмир конлари мавжуд. Уларнинг аксарияти “Сакнахшири” компаниясига тегишли. Бошқа компаниялар ҳам ушбу шаҳардаги кўмир конларига эгалик қилади. Шахталарнинг асосий қисми 2018 йилдан бери бир неча кишининг ҳаётига зомин бўлган фожиалардан кейин ишламаяпти.
LiveБарчаси