Грузияда собиқ Бош вазир истеъфосига сабабчи бўлган мухолифат лидери ҳибсга олинди 

Олам 2204
image

Грузиянинг "Бирлашган миллий ҳаракат" мухолифат партияси раиси Ника Мелия сиёсий уюшма офисида ҳибсга олинган. Бу ҳақда "Рустави 2" телеканали хабар берди. 

Амалиёт давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари "Бирлашган миллий ҳаракат" партияси офиси биносининг бутун атрофида кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган. 

Маълумотларга кўра, Мелиядан бошқа бир нечта одамлар ҳам ҳибсга олинган. 

Жорий йилнинг 17 февраль куни Тбилиси суди Мелияни 2019 йил июнь ойидаги тартибсизликлар доирасида 40 минг лари (12 минг доллар) гаров пули тўламагани учун ҳибсга олишга қарор қилганди. 

Мелиянинг ўзи суднинг ҳибсга олиш тўғрисидаги қарорини ихтиёрий равишда бажаришдан бош тортганини маълум қилганди. 

Ушбу суд жараёни эса мамлакатда сиёсий инқирозни келтириб чиқарди. 

Вазият фонида Грузия Бош вазири Георгий Гахария ҳамкасблари билан келишмовчилик туфайли истеъфога чиқди.

Кеча, 22 февраль куни Грузия Президенти Саломе Зурабишвили Ираклий Гарибашвилини янги Бош вазир этиб тайинлаш тўғрисида фармонни имзолади. 

Маълумот ўрнида, "Бирлашган миллий ҳаракат" партияси Грузиянинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили томонидан ташкил этилган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 47
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×