Грузия Зеленскийнинг қатъий талабини инобатга олмади
Олам
−
05 Июль 2023
11009Грузия қамоқда сақланаётган собиқ Президент Михаил Саакашвилини Зеленскийнинг талабига қарамай, Украинага топширмайди. Бу ҳақда ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси раҳбари Ираклий Кобахидзе маълум қилди.
Қайд этилишича, Грузия Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Михаил Саакашвилини соғлиғи ёмонлашгани учун қамоқдан озод қилиш ҳақидаги ультиматумига риоя қилмоқчи эмас.
“Саакашвили масаласида Украинадаги элчимиз билан бундай маслаҳатлашувлар бекор қилинди. Украина билан муносабатларимиз келажагига келсак, биз бир томонлама дўстлик режимида қолишга тайёрмиз. Чунки биз икки халқнинг азалий дўстлигини ҳурмат қиламиз ва Украинанинг ҳозирда уруш ҳолатида эканини ҳисобга оламиз”, дейди Кобахидзе.
Грузия Ташқи ишлар вазирлиги Зеленскийнинг Саакашвилини топшириш бўйича маслаҳатлашиш учун Грузия элчисини ватанига юбориш тўғрисидаги қарорини "ички ишларга аралашиш" деб атаган.
Маълумот учун, Саакашвили 2004-2013 йилларда кетма-кет икки муддат Грузия Президенти бўлган. Кейинчалик у Украинада ҳам турли лавозимларда ишлаган. Аммо Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко билан муносабатлари бузилиши натижасида унга берилган украин паспорти бекор қилинган. Владимир Зеленский президентликка сайлангач, Саакашвилига Украина фуқаролиги қайтариб берилди. 2021 йилнинг сентябрь ойида у Грузияга қайтиб келди ва ҳибсга олинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қамоқдаги Саакашвили ўзини Украинада дафн қилишларини исташини маълум қилганди. Шундан сўнг Украина ташқи ишлар вазирлиги уни Киевга қайтаришни талаб қилган. Шунингдек, жорий йилнинг февраль ойида Грузия суди Саакашвилини соғлиғи сабабли қамоқдан озод қилиш ҳақидаги адвокат илтимосини рад этганди.