Грузия россиялик эркаклар учун чегарани ёпмоқчи
Олам
−
26 Сентябрь 2022
4441Грузиядаги “Ягона миллий ҳаракат” партияси аъзоси Нона Мамулашвили мамлакатга келаётган одамлар оқимининг кўплиги сабабли, 26 сентябрдан бошлаб Россия билан чегарани ёпиш режасини эълон қилди. Бу ҳақда РБК нашри хабар бермоқда.
“Грузия ҳукумати ҳозиргача мамлакатга русларнинг оммавий оқимини тўхтатиш учун ҳеч нарса қилмади. Бизга тушунтиришларича, улар душанба куни чегараларни ёпишади. Бу ҳозирги босқичда улар қила олган ягона иш”, дейди сиёсатчи.
Унинг сўзларига кўра, кириш тақиқи биринчи навбатда 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган эркакларга таъсир қилиши мумкин.
Қайд этиш керакки, 23 сентябрь куни Грузиядаги “Юқори Ларс” чегара постида 1700 та машинадан иборат рекорд навбат пайдо бўлган.
Россия Федерал Божхона хизматининг маълумотларига кўра, энг кўп навбатлар (назорат пункти олдидаги транспорт воситаларининг сони) қуйидаги пунктларда қайд этилган:
• “Юқори Ларс” (Грузия билан чегарадош) - 1715 та машина;
• “Кяхта” (Мўғулистон билан чегарадош) - 80 та автомобиль;
• “Бурачки” (Латвия билан чегарадош) - 58 та машина;
• “Убилинка” (Латвия билан чегарадош) - 25 та машина.
Маълумот учун, 21 сентябрда Россияда сафарбарлик бошланди. Россия Президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, резервда бўлган ва тегишли ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.
Шундан сўнг, Грузия, Финляндия, Мўғулистон билан чегарада тирбандлик юзага келишни бошлади. Истанбул, Ереван, Бакуга навбатдаги тўғридан-тўғри рейслар учун чипталар тезликда сотилиб кетди.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг хабар беришича, 25 сентябрь куни мамлакат чегара хизмати ходимлари мавжуд назорат-ўтказиш пунктини четлаб ўтиб, чегарани бузган уч нафар россияликни қўлга олган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси