Грузия Россиядан эгаллаб олган ерларини қайтаришни сўради

Олам

image
0:00
0:00
download

Август урушининг 14 йиллиги муносабати билан Грузия Ташқи ишлар вазирлиги Россияни “ноқонуний ҳаракатларни тўхтатишга”, 2008 йил 12 августдаги ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни бажаришга ва ўз қуролли кучларини мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан олиб чиқиб кетишга чақирди.

“Босқиннинг 14 йиллиги муносабати билан Россия Европа Иттифоқи воситачилигида 2008 йил 12 августдаги ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни бажармасликда ва босиб олинган ҳудудларда ноқонуний назоратини кенгайтиришда давом этмоқда”, дейилади Грузия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Ташқи сиёсат идорасининг қайд этишича, Россия ўз ҳаракатлари билан “хавфсизлик, инсон ҳуқуқларига зарба бермоқда, босиб олинган ҳудудларда яшовчи одамларни Грузиянинг қолган қисми ва халқаро ҳамжамиятдан ажратиб қўйишга ҳаракат қиляпти”.

Грузия Ташқи ишлар вазирлиги Москвани босиб олинган ҳудудларни тан олиш ҳақидаги ноқонуний қарорини ўзгартиришга чақирган.

ТИВнинг таъкидлашича, 14 йил давомида Россия кучлари ишғол чизиғида тўсиқлар ўрнатишда давом этган, минтақада одамлар ноқонуний ҳибсга олиниб, ўғирлаб кетилган.

“Грузиянинг Абхазия ва Цхинвал вилоятларида асосий инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши, этник камситиш ва юз минглаб ички кўчирилганлар ва қочқинларнинг ўз уйларига қайтиш ҳуқуқининг бузилиши Россиянинг ноқонуний босиб олишининг оғир гуманитар юки бўлиб қолмоқда”, дейди “Грузия янгиликлари” агентлиги вазирлик баёнотидан иқтибос келтириб.

Ташқи ишлар вазирлигининг қайд этишича, бу йиллар давомида Россия халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг ва Европа Иттифоқи кузатувчи миссиясининг Абхазия ва Цхинвал ҳудудига киришига тўсқинлик қилиб келган.

Грузия Ташқи ишлар вазирлиги халқаро ҳамжамиятга мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган.

“Бу қўллаб-қувватлаш бугунги кунда, Россия Украинага қарши ҳарбий тажовуз билан халқаро ҳуқуқ тамойилларини бузишда ва Европа хавфсизлигига путур етказишда давом этаётган бир пайтда алоҳида аҳамиятга эга”, дейилади баёнотда.

Шу билан бирга, ТИВ Россия-Грузия можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш сиёсатини тасдиқлаб, расмий Тбилисининг ҳаракатлари ишғол чизиғи билан ажратилган жамиятлар ўртасида ишончни тиклаш ва умумий Европа келажагини қуришга қаратилганини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Грузия

Баҳолаганлар

388

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар