Грузияда парламент қўмитаси норозиликларга сабаб бўлган қонунни маъқуллади

Олам

image

Грузия парламентининг ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитаси “Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қўллаб-қувватлади. Овоз бериш жараёни парламент сайтида намойиш этилди.

Шовқинли лойиҳани кўриб чиқиш эрталабдан бошланди ва ҳукмрон “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси аъзолари ва мухолифат вакиллари ўртасида баҳсларга сабаб бўлди.

Йиғилишга раислик қилган қўмита раиси Анри Оханашвили лойиҳа муҳокамаси чоғида 14 депутатни парламент қоидаларини бузгани учун залдан чиқариб юборди. Шу фонда Тбилисидаги парламент биноси ёнида ҳукмрон партия тарафдорларининг қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган митинги бошланди. Иштирокчилар акция жойига қўлларида Грузия давлат байроқлари билан келишган.

“Tbilisi life” нашрига кўра, айни пайтда Тбилисидаги Ваке боғида қонун лойиҳасига қарши норозилик намойиши бўлиб ўтмоқда.

Қайд этиш жоизки, сўнгги бир неча кун ичида Грузияда мухолифат кучлари парламент томонидан Россиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунининг ўхшаши бўлган “Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинишига қарши норозилик намойишлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 апрелга ўтар кечаси Грузия пойтахти Тбилисида парламент биноси ёнида ушбу қонун лойиҳасига қарши яна намойиш бўлиб ўтганди. Ушбу намойишларда полиция ва иштирокчилар ўртасида тўқнашув юз берган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари кўзни ачиштирувчи газдан фойдаланган. Бир неча киши, жумладан Грузиянинг Европа ва Евроатлантика тузилмаларига интеграция бўйича собиқ давлат вазири Алексий Петриашвили ҳибсга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия хорижий агентлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made