Грузия парламенти намойишларга сабаб бўлган қонун лойиҳасини маъқуллади
Олам
−
17 Апрель
2874Грузия парламенти “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда “Рустави 2” телеканали хабар берди.
Ҳужжатни қабул қилиш учун 83 депутат овоз берди, бирортаси ҳам қарши овоз бермади. Овоз беришда фақат парламентдаги кўпчилик вакиллари иштирок этган. Мухолифатдаги партиялар вакиллари жараёнда қатнашмаган.
“Грузия Онлайн”нинг ёзишича, қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида парламент раиси Шалва Папуашвили мухолифат депутатлари – Леван Хабеишвили, Гиоргий Вашадзе, Тина Бокучава ва Ана Натсвлишвилини залдан чиқариб юборган. Ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси депутатлари мухолифат депутатлари нутқини ҳайқириқлар билан қарши олган. Парламентдаги кўпчилик аъзоларининг чиқиши вақтида эса мухолифат депутатлари столларни тақиллатиб: “Россия қонунчилигига йўқ!” дея ҳайқирган.
Қайд этиш жоизки, “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи бор ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси томонидан тақдим этилди. У 2023 йил март ойида кенг тарқалган норозиликлардан кейин уни қайтариб олганди. Қонун лойиҳасининг янги таҳририда улар "хорижий таъсир агенти" атамасини "хорижий давлат манфаатларини кўзлаётган ташкилот" билан алмаштиришга қарор қилди, аммо бошқа жиҳатларда у қайтариб олинган ҳужжатни такрорлайди. Қонун лойиҳасида “хорижий агентлар” реэстрини яратиш кўзда тутилган, унда 20 фоиздан ортиқ хориждан молиялаштириладиган барча нотижорат юридик шахслар ва оммавий ахборот воситалари кўрсатилади. Улар йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилишлари керак бўлади.
Мухолифатга кўра, қонун лойиҳаси "хорижий агентлар" ҳақидаги Россия қонунчилигини такрорлайди.
Янги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам норозилик билан кечмоқда. Бундан ташқари, 15 апрель куни қонун лойиҳасини кўриб чиқиш парламентдаги муштлашув туфайли тўхтатилди — нутқи чоғида “Грузия орзуси” партияси ижрочи котиби Мамука Мдинарадзега мухолифатдаги “Фуқаролар” партияси етакчиси Алеко Элисашвили ҳужум қилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 16 апрель куни Тбилисидаги парламент биноси ёнида норозилик намойишлари бўлиб ўтган, 14 киши ҳибсга олинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь