Грузия АҚШдан санкцияларни “тилаб оляпти”
Олам
−
20 Май
4613Бугун, 20 май куни АҚШ Конгрессига чет эл агентлари ҳақидаги қонунни қабул қилишда масъул бўлган грузиялик сиёсатчиларга қарши санкциялар қўллаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилиши мумкин. Бу ҳақда “Politico” газетасининг Европа нашри ўз ихтиёридаги ҳужжат лойиҳасига таяниб хабар берди.
Газетага кўра, қонун лойиҳаси Грузия расмийлари ва Грузия демократияси, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлигига зарар етказганлик учун моддий жавобгар бўлган бошқа шахсларга нисбатан Америка санкцияларини жорий этишни назарда тутади. Хусусан, “Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинишига масъул бўлган сиёсатчилар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун активларни музлатиш ва визани тақиқлаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, ҳуқуқий актга рози бўлмаган намойишчиларни тарқатишда иштирок этган Грузия ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам чекловлар қўйилади.
“Politico” исм-шарифи ошкор этилмаган манбага таяниб, конгрессмен Жо Уилсон (Жанубий Каролина штати) бугун қонун лойиҳасини тақдим этишини қайд этади.
АҚШ Давлат котибининг Европа ва Евросиё масалалари бўйича ёрдамчиси Жеймс О'Брайен 14 май куни, агар мамлакатда демократияга путур етказилса, Қўшма Штатлар Грузия раҳбариятига қарши шахсий санкциялар жорий этишини айтди.
14 май куни Грузия парламенти “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни учинчи ўқишда қабул қилди, бу эса Европа Иттифоқининг мамлакатнинг Европа Иттифоқига интеграциялашувини тўхтатиб қўйиш таҳдидлари ҳақида кескин баёнотларга сабаб бўлди. Грузия Президенти Саломе Зурабишвили 18 май куни қонунга вето қўйган эди. Аввалроқ Бош вазир Ираклий Кобахидзе, агар Президент томонидан берилган асосли изоҳлар мақбул бўлса, парламент вето қўйишни қўллаб-қувватлаши мумкинлигини айтган эди. Шу билан бирга, Зурабишвили таъкидлаганидек, у ўзгартиришлар киритмайди, чунки қонунни қабул қилиш мумкин эмас.
“Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жорий йилнинг апрель ойида бошланган. Ўшандан бери Грузияда кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтмоқда. Бир неча марта улар хавфсизлик кучлари билан тўқнашувга айланган. Қонунга АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ, НАТО, ЕХҲТ ва Европа Кенгаши қарши чиқмоқда. Европа етакчилари бу қонун Европа қадриятларига зид эканини айтади. Грузиянинг ҳукмрон партияси етакчиларининг таъкидлашича, у фақат нодавлат сектор ва оммавий ахборот воситаларининг хориждан молиялаштирилиши шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
LiveБарчаси