Грецияда ўрмон ёнғинлари авж олди
Олам
−
12 Август
997Грециянинг Афина шаҳри шимолида катта ўрмон ёнғинлари авж олмоқда. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Ёнғиндан чиққан қора тутунлар кўтарилиб, оловдан 30 километр жанубда жойлашган мамлакат пойтахтига етиб келди. Грециянинг бир қанча қишлоқ ва шаҳарлари аллақачон эвакуация қилинган.
Бир қатор маҳаллий ОАВ ёнғин туфайли биноларнинг вайронгарчилиги ёки шикастланиши ҳақида маълумот бермаган ҳолда, ёнғиндан чиққан кўплаб заҳарли тутун қурбонлари шифохонага ётқизилганини ёзган. Шу билан бирга, телевидение мухбирлари ўнлаб уйлар ёнаётганини кўрганини маълум қилди. Баъзиларида одамлар олов яқинлашаётганига қарамай, уйларини тарк этишдан бош тортган ва ўз мулкларини сақлаб қолишга ҳаракат қилган.
Ўт ўчириш бригадаси вакилининг Греция радиосига маълум қилишича, олов баландлиги 25 метрдан ошган, 29 та ўт ўчириш самолёти ва вертолётлари ишга туширилган, ёнғинни ўчиришга 110 та техникада бир неча юз нафар ўт ўчирувчи ва кўплаб кўнгиллилар жалб этилган.
Мамлакат фуқаро мудофааси хизмати вакилларининг сўзларига кўра, яқин кунларда вазият ўта хавфли бўлиб қолади. Грециянинг аксарият ҳудудларида бир неча ойдан бери нормал ёғингарчилик кузатилмаяпти. Мамлакат ғарбида энг кучли жазирама кутилмоқда ва 15 августга қадар бундай об-ҳаво шароити ўрмон ёнғинларига сабаб бўлиши мумкин.
Тарихдаги энг иссиқ қишдан сўнг, Грецияда 1960 йилдан бери 2024 йилда июнь ва июль ойлари жуда иссиқ кечди ва бу ўрмон ёнғинларига туртки бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чилидаги ўрмон ёнғинлари оқибатида камида 99 киши ҳалок бўлгани, Туркиядаги йирик ўрмон ёнғинлари оқибатида эса 10 дан ортиқ киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь