Грецияда 13 соатлик иш куни жорий этилди: ишчилар норози
Олам
−
13 Ноябрь 2801 2 дақиқа
Греция ҳукумати хусусий секторда иш сменаларини кунига 13 соатгача узайтириш имконини берувчи янги қонунни қабул қилди. Бу ҳақда “The Independent” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳукумат мазкур қарорни мослашувчанлик ва ривожланиш деб талқин қилмоқда. Қонун расмий равишда ихтиёрий ва адолатли тўлов асосида деб кўрсатилган бўлса-да, у амалда саккиз соатлик иш кунини бекор қилади. Аҳоли орасида ўтказилган сўровлар грек ишчилари бу ўзгаришга кескин қарши эканини кўрсатмоқда.
Танқидчиларнинг фикрича, бу қонун меҳнат ҳуқуқларини бузади, бироқ у Европа Иттифоқининг иш вақти тўғрисидаги директивасига техник жиҳатдан мос келади. Директива иш ҳафтасига ўртача 48 соатдан ошмаслигини талаб қилади, лекин кунлик иш соатларига қатъий чеклов қўймайди. Шу боис Греция ҳукумати бу бўшлиқдан фойдаланиб, 13 соатлик иш кунини қонунийлаштирган.
Маълумот учун, 1936 йилда греклар саккиз соатлик иш куни учун курашда ғалаба қозонганди. Аммо бугун улар яна Европанинг энг кўп ишлайдиган ишчилари қаторига қайтмоқда. Европа Иттифоқи ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти маълумотларига кўра, грек ходимлари йилига ўртача 1900 соат ишлайди. Бу кўрсаткич Буюк Британияда 1510, Германияда эса атиги 1330 соатни ташкил этади.
Айни пайтда, мамлакатда иш ҳақи ва унумдорлик пастлигича қолмоқда. Мутахассислар бунга меҳнат шартларининг заифлиги, кам маош ва ишчилар ҳуқуқларининг чекланганини сабаб қилиб кўрсатмоқда.
2008 йилги молиявий инқироздан сўнг Грециянинг ялпи ички маҳсулоти 27 фоизга камайган, аҳолининг реал даромади эса 35 фоизга тушган. Сўнгги йилларда минимал иш ҳақи оширилган бўлса-да, бу ишчиларнинг харид қувватини тикламаган. Оқибатда ҳукумат ишчиларга кўпроқ маош ўрнига узоқроқ иш куни таклиф қилмоқда.
Йил бошида ўтказилган сўровда грек ишчиларининг 94 фоизи иш вақтини қисқартириш тарафдори бўлган, 60 фоиздан ортиғи эса 13 соатлик иш кунини қатъиян рад этган. Узоқ соатлар ишлаётган ишчиларнинг 70 фоизи “ихтиёрий” деган атама амалда мажбурийликни яшираётганини айтган.
Янги қонун меҳнаткашлар орасида норозилик тўлқинини келтириб чиқарган. Бутун мамлакат бўйлаб иш ташлашлар ўтказилмоқда. Ишчилар бу ислоҳотни “19-асрга қайтиш” деб атамоқда. Мутахассислар эса огоҳлантирмоқда: Грециянинг бу қарори иш ва ҳаёт ўртасидаги чегарани йўқ қилиши, меҳнат шароитларидаги тарихий ютуқларни эса йўққа чиқариши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грецияда иш ташлаш оқибатида саёҳат ва хизматлар тўхтатилганди.
Live
Барчаси