Греция Жаҳон урушларидаги зарарни қоплаш учун Германиядан 376 млрд евро талаб қилмоқда
Олам
−
02 Ноябрь
3495Греция Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши давридаги ҳарбий жиноятлар учун Германиядан 376 миллиард евро миқдоридаги товон пули талаб қилмоқда. Бу ҳақда Греция Президенти Катерина Сакелларопулу Афина шаҳрида Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
“Репарация (давлатнинг бошқа бир давлат ёки халққа етказган зарари учун товон тўлаши ёки компенсация тўлови) – грек давлати учун муҳим масала бўлиб, у ҳали ҳал этилмаган. Ўтган даврнинг муаммолари ва очиқ жароҳатларини муҳокама қилиш муҳим”, деди Сакелларопулу.
Штайнмайернинг ташрифи билан бир вақтда грек ОАВларида Германия Президентини айбловчи бир қатор мақолалар эълон қилинган. Хусусан, “Нега, жаноб Штайнмайер?”, “Фақатгина кечирим етарли эмас, жаноб Штайнмайер. Немис давлати раҳбари товон тўлови мавзусига мурожаат қиладими?” сарлавҳали мақолалар шулар жумласидан.
Билдирилишича, Штайнмайер греклар учун долзарб бўлган бу мавзуга эътибор қаратган ва Сакелларопулунинг сўзларига жавоб қайтарган. Германия Президенти расмий Берлин репарациялар тўлови масаласини расман ёпиқ деб ҳисоблашини, шу жумладан бу халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳам тўғри эканини таъкидлаган.
Маълумот учун, Греция парламенти Германияга нисбатан бир қатор молиявий даъволар келтирилмоқда. Хусусан, 171,4 миллиард евро талаб уруш даврида Греция инфратузилмасига етказилган зарар билан боғлиқ. 10,3 миллиард евро эса Германия томонидан Греция банки сейфларидан олинган олтин ва пул кўринишидаги мажбурий оккупацион қарзни қоплаш учун, 33,8 миллиард евро 1940 йилдан 1944 йилгача давлат ресурслари – нефть ва бошқа хомашё, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари йўқотилиши, 53,8 миллиард евро эса оккупация давридаги ишлаб чиқариш йўқотишлари билан боғлиқ зарарларни қоплаш учун талаб қилинмоқда. Шунингдек, ҳисоботда давлат талабларига қўшимча равишда илк бор индивидуал даъволар ҳам тилга олинади.
2015 йилда ҳам Греция Молия вазирлиги Германия Грецияга тахминан 300 миллиард евро миқдорида уруш репарацияларини тўлаши кераклигини ҳисоблаб чиққан. Германия расмийлари бу масалани муҳокама қилишдан бош тортиб, “ҳуқуқий жиҳатдан ҳал қилинган” дея баёнот берган. Греция эса бунга қўшилмаяпти ва ушбу масалани халқаро судларда ҳал қилиниши мумкин деб ҳисобламоқда.
LiveБарчаси