Эвбея ороли яқинидаги Каристос кўрфазида ҳибсга олинган Россия байроғи остидаги “Pegas” танкери Грециянинг Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш бошқармасининг янги буйруғига асосан озод қилинди. Бу ҳақда ТАСС Афина Македония ахборот агентлиги (АМNА)га таяниб, хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Греция ҳукумати Россия байроғи остидаги “Pegas” танкерини Эвбея ороли яқинидаги Каристос кўрфазида, бортидаги 19 нафар россиялик денгизчи билан ҳибсга олган эди. Бу қарор Европа Иттифоқи томонидан Россия манфаатларини ифодаловчи кемаларга нисбатан жорий этилган санкцияларни амалга ошириш доирасида қабул қилинган. Танкер Эвбея оролининг қирғоқ бўйидаги Каристос шаҳри яқинида нефть юкланган ҳолатда қўлга олинган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 9 апрель куни Россияга қарши бешинчи санкциялар пакети эълон қилинди. Навбатдаги чекловлар қаторига Европа Иттифоқи ҳудудида кўмир ва бошқа қаттиқ ёқилғи турларини сотиб олиш, импорт қилиш ёки ўтказишни тақиқлаш, шунингдек, Россия байроғи остида рўйхатдан ўтган кемалар учун Европа Иттифоқи портларига киришни чеклаш киради.