Голливуднинг “Шон-шуҳрат” хиёбонида янги номлар пайдо бўлади

Маданият-санъат 8586
image

Голливуддаги “Шон-шуҳрат” хиёбонида таниқли шахслар номлари қайд этилган битикларга 2023 йилда яна 20 нафар юлдузнинг номи қўшилади. Бу ҳақида “Variety” нашри хабар берди. 

Маълумотларга кўра, 2023 йилда хиёбондан номлари жой оладиган юлдузлар орасида Билл Пуллман, Винс Вон, Мартин Лоуренс ва Ума Турман каби актёрлар бор. Шунингдек, телевидение йўналишида Жон Фавро, Ральф Маччио, режиссёр Жон Уотерс, мусиқачилар Ленни Кравитз ва ака-ука Жонас ва Марк Энтони номини ҳам кўриш мумкин.

Бундан ташқари анъанага кўра вафот этган бўлишига қарамай бир нечта юлдузларнинг номлари ҳам ушбу хиёбонга муҳрланади. Улар орасида “Форсаж” фильми орқали томошабинларга яхши таниш бўлган ва 2013 йилда автоҳалокат туфайли вафот этган Пол Уокер ҳамда 2012 йилда авиаҳалокатда ҳалок бўлган қўшиқчи Женни Ривера ҳам бор.

Хабарда қайд этилишича, юқорида номлари зикр этилган юлдузлар юзлаб номзодлар орасидан танланган ва Голливуд савдо палатасининг директорлар кенгаши томонидан тасдиқланган.

Маълумот учун шон-шуҳрат хиёбони 1960 йилда расман очилган ва бугунги кунда кўнгилочар индустрия вакилларининг 2700 дан ортиқ номларини ўзида жамлаган. Баъзи маълумотларга кўра, Голливуднинг бу қисмига ҳар йили 10 миллионгача сайёҳ келади.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 147
Рейтинг: 3.1
t
×