Глобал иқлим ўзгариши: Африкадан сўнг Бразилияда ҳам қор ёғди (видео)
Олам
−
29 Июль 2021
6643Бразилияда совуқ ҳарорат тўлқини кузатилмоқда, кеча, 28 июль куни мамлакатнинг энг жанубий штати — Риу-Гранди-ду-Сулнинг айрим қисмларига қор ёғди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.
Қайд этилишича, штатнинг камида 13 шаҳрида қор, баъзи ҳудудларда дўл ёғган. Таъкидланишича, маҳаллий аҳоли бу йилги биринчи қорни ўйнаш ва қор одамларини ясашга шошилган.
Метеорологларнинг хабар беришича, Бразилияда яқин кунларда паст ҳарорат ва қор шаклида ёғингарчилик кутилмоқда. Энг паст ҳарорат жанубий вилоятларда 30-31 июль кунлари қайд этилиши мумкин.
Хабарга кўра, бугун, 29 июль куни қор Бразилиянинг бошқа штати — Санта Катаринада ёғиши мумкин. Кеча, 28 июль куни у ерда ҳаво ҳарорати деярли -8 даражагача пасайган, -10 даражагача пасайиш эса кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ёз ўртасида ёғган қор Жанубий Африка Республикасида ҳам кузатилган. Бундан ташқари, Италиянинг марказий қисмида жойлашган Эмилия-Романья вилоятида бильярд шаридек катталикда дўл ёғгани ҳақида хабар бергандик.