Глазгода глобал иқлим саммити якунланди. Грета уни “бла-бла-бла” дея изоҳлади
Олам
−
14 Ноябрь 2021
7487Глазгода Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (COP26) иштирокчиларининг 26-конференцияси якунланди. Конференция якунлари бўйича қабул қилинган баёнот кўплаб танқидларга сабаб бўлди. Жумладан, Грета Тунберг баёнотни “бла бла бла”, дея изоҳлади.
Конференциянинг якуний келишуви бир кунлик кечикиш билан қабул қилинди ва дастлаб назарда тутилганидан кўра юмшоқроқ чақириқлардан иборат бўлди.
Хусусан, келишувда кўмир ва бошқа турдаги қазиб олинадиган ёқилғи энергиясидан “босқичма-босқич воз кечиш” сўзлари ўрнига фақат “босқичма-босқич камайтириш” сўзлари қўлланилди.
“Сўнгги дақиқада кўмирнинг йирик истеъмолчилари ва ишлаб чиқарувчилари бўлган давлатлар, хусусан, Ҳиндистон ва Хитой босими остида келишув сўзларини юмшатишга тўғри келди”, дея ёзмоқда “Reuters”.
Ғарб давлатлари ўзгаришлардан норози эди. COP26 раиси, Буюк Британия энергетика вазири Алок Шарма ўзгаришлар учун узр сўради. Шарма юқоридаги Ҳиндистон ва Хитойсиз якуний ҳужжат тасдиқланиши мумкин эмаслигини тушунтирди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш саммитда эришилган келишувларни етарли эмас, деб билишини айтди. Экологик фаол Грета Тунберг саммит натижаларини “Бла бла бла” сўзлари билан изоҳлади.
Маълумот учун, COP26 конференцияси жорий йилнинг 31 октябрь куни Глазгода очилди. Ушбу конференцияда дунё мамлакатлари етакчилари глобал исишга қарши кураш масаласида 2015 йилги иқлим бўйича Париж келишувига қараганда каттароқ мажбуриятларни олишлари кутилган эди.
Ўз навбатида, АҚШ Президенти Жо Байден Россия Президенти Владимир Путинни Глазгодаги анжуманда қатнашишдан бош тортгани учун танқид қилди. Байденнинг сўзларига кўра, Россияда “тундра ёнмоқда”, лекин Путин бирор чора кўриш кераклиги ҳақида жим. Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков бунга жавобан “Калифорнияда ҳам ўрмонлар ёнаётганини” таъкидлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь