Гиннесс рекордларига кириш учун ҳиндистонлик қиз 127 соат тўхтамасдан рақс тушди
Бу қизиқ
−
18 Июнь 2023
18864Ҳиндистоннинг Маҳараштра штатида яшовчи 16 ёшли Срушти Судҳир Жагтап 127 соат тинимсиз рақс тушиб Гиннесснинг яккахон ижро этилган энг узоқ рақс рекордини янгилади. Бу ҳақда “Timesnownews” нашри хабар берди.
Жагтап ўз уринишини 29 май тонгида коллеж аудиториясида бошлади ва 3 июнь куни тушликка қадар давом эттирди. Рекорд янгилангандан сўнг у бутун кун давомида ухлаган.
Қизнинг сўзларига кўра, сўнгги кун у танасида пайдо бўлган оғриқлар сабаб жуда қийналган.
“Танамнинг ҳар бир қисмида оғриқни ҳис қилардим ва улар музлагандек туюларди. Аммо мен фақатгина мақсадимга эътибор қаратдим. Яхши тайёргарлик сабаб мен онгим ва танамда содир бўладиган барча ўзгаришларга кўниккан эдим. Шунинг учун охиригача хотиржам бўла олдим”, дейди Жагтап.
“The Indian Express” нашрининг ёзишича, ушбу чиқишга расман Свапнил Дангарикар ҳакамлик қилган. Коллеж аудиторияси эса Жагтапни қўллаб-қувватловчилар билан гавжум бўлган.
"Унинг жуда чарчаган пайтлари бўлди, лекин ота-онаси доимо ёнида бўлиб, тетик бўлишига ёрдам бериш учун унинг юзига сув сепиб турди. Умуман олганда, жуда таъсирли бўлди", деди Дангарикар.
Маълумот ўрнида, аввалги энг узоқ вақт ижро этилган рақс рекорди непаллик раққос Бандана Непал томонидан ўрнатилган. У 2018 йилда 126 соат тинимсиз рақсга тушган.
Севара Ҳусниддинова
LiveБарчаси