21 соатлик музокаранинг 0 га тенг натижаси ёхуд урушнинг кутилмаган ғолиблари
Таҳлил
−
13 Апрель 8663 8 дақиқа
Урушлар муаммоларни ҳал қилмайди, уларни яратади. 2026 йилнинг 28 февраль куни бошланган урушдан АҚШ ва унинг иттифоқчилари “тезкор натижа” кутганди, аммо 11–12 апрелга келиб, Исломободда ўтган 21 соатлик музокаралар ҳам ҳеч нарсани ўзгартира олмади — на уруш тугади, на вазият соддалашди. Ушбу можаронинг энг абсурд жиҳати шундаки, урушдан олдин фойдаланиш учун очиқ бўлган Ҳормуз бўғози бугун Вашингтоннинг “асосий музокара шарти”га айланиб қолди: яъни аввал шундоқ ҳам мавжуд нарса энди қайтариб берилиши керак бўлган “ютуқ” сифатида сотилмоқда. Урушдан олдин Трамп риторикасида ядровий дастур биринчи ўринда турган бўлса, бугун шу ҳужумлар натижасида ёпилган сув йўли олий даражага кўтарилди. Оқ уй ҳеч бўлмаганда урушдан олдинги вазиятни ҳам қайтара олмаётгани жуда ҳам кулгили аслида.
Апрель бошида қисқа муддатли сулҳ эълон қилиниб, Эрон уни очишга рози бўлгани айтилган бўлса-да, бир неча кун ичида вазият яна ортга қайтди. Исроил ҳукуматининг Ливанга ҳужумлари бугун муаммони чуқурлаштирмоқда.
Яқин Шарқдаги геосиёсий ўйиннинг яна бир қизиқ жиҳати, бу можаро ичида ҳеч ким ҳақиқий ғолиб эмас, ташқаридаги кузатувчиларнинг бундан фойда кўраётганидадир. На АҚШ ўз талабларини ўтказа олмоқда, на Исроил хавфсизлик муаммосини ёпди, на Эрон бу урушда тўлақонли фойдадаман дея олади. Ҳар қайси томон “ғалаба” ҳақида гапиряпти, лекин реал ютуқ бошқаларнинг қўлида тўпланмоқда. Бугун сизлар билан ушбу мақолада (видеода) мантиқсизликка ботган урушдан мантиқ қидирамиз.
АҚШдан муваффақиятсиз “юриш”
2026 йил 11–12 апрель кунлари Исломободда ўтказилган АҚШ–Эрон музокаралари расмий Вашингтон учун кутилган дипломатик ғалабага айланмади. Аксинча, 21 соат давом этган музокаралар ҳеч қандай келишувсиз якунланиб, АҚШнинг минтақадаги сиёсий ва ҳарбий “юриши” муваффақиятсизлик билан тугаганини кўрсатди. Эрон талабига мувофиқ АҚШ делегациясига вице-президент ЖД Венс бошчилик қилган бўлса, Эрон томонидан Парламент спикери Муҳаммад Боқир Қолибоф, Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ва қатор юқори даражадаги дипломатик вакиллар қатнашди. Музокараларнинг асосий мақсади урушни тўхтатиш ва вақтинчалик сулҳни барқарор келишувга айлантириш эди.

Аммо асосий келишмовчиликлар ҳал қилинмади. Хусусан, стратегик аҳамиятга эга Ҳормуз бўғози устидан назорат масаласи музокараларнинг энг кескин нуқтасига айланди. АҚШ бу ҳудудда эркин навигацияни тиклашни талаб қилган бўлса, Эрон уни ўз хавфсизлик зонаси сифатида кўришда давом этмоқда. Гўёки, Теҳрон Трампнинг “нозик нуқтасини” топиб олгандек, энди уни қўйиб юборишни хоҳламаяпти, бўғозни ўз назоратида сақлаб қолишни кўзламоқда.
“Биз ҳозир 21 соатдан бери музокаралар олиб боряпмиз ва эронликлар билан бир қатор мазмунли муҳокамалар ўтказдик. Бу — яхши янгилик. Ёмон янгилик шундаки, биз ҳали келишувга эриша олмадик. Ва мен шу яна айта оламанки, бу хабар АҚШдан ҳам кўра Эрон учун кўпроқ ёмон хабардир”, деди Америка делегацияси раҳбари.
Шу билан бирга, Теҳрон АҚШ банкларидаги музлатилган миллиардлаб доллар активларини қайтариш, санкцияларни бекор қилиш ва уруш учун компенсация талабини илгари сурди. Аммо бу Оқ уйдагиларнинг манфаатларига у қадар ҳам тўғри келмаётган кўринади.
“АҚШ Эроннинг мантиғи ва тамойилларини тушунди, энди эса, улар бизнинг ишончимизни қозона оладими ёки йўқми — шуни ҳал қилиш вақти келди”, деди Қолибоф Х платформасидаги постида.
Музокаралар фонида ҳарбий ҳаракатлар ҳам тўхтамади. 11 апрель куни АҚШ ҳарбийлари Форс кўрфазида миналарни тозалаш операциясини бошлади, бу эса амалда музокараларга параллел равишда босим сиёсати олиб борилганини кўрсатади. Ўз навбатида, АҚШ ҳарбий кемаларининг бўғоздан ўтиши Эрон томонидан очиқ таҳдидлар билан қарши олинди.

Энг муҳим жиҳат шундаки, бу музокаралар аслида тенг шароитдаги дипломатия эмас эди. АҚШ Эрон олдига бир қатор максимал талаблар қўйди: ядровий дастурдан тўлиқ воз кечиш, ракета дастурини тўхтатиш ва бўғозни тўлиқ очиш. Эрон эса буни суверенитетга таҳдид сифатида қабул қилди ва доимгидек рад этди. Томонларнинг ҳеч бири компромисга келишга уринмаяпти, ҳеч ким ўз талабларининг атига биттасини бўлса-да ўзгартирмоқчи эмас. Натижада музокаралар “келишув сари қадам” эмас, балки позицияларни янада кескинлаштирган жараёнга айланди.
Мутахассисларнинг фикрича, бу муваффақиятсизликнинг яна бир муҳим омили — АҚШнинг ҳаддан ташқари оптимистик ва баъзан реал вазиятдан узилган ёндашуви бўлди. АҚШ президенти музокаралар давомида ҳам “урушда аллақачон ютилди” деган баёнотлар билан чиқди. Бу эса дипломатик жараённи заифлаштирди ва қарама-қарши томонда ишончсизликни кучайтирди.
Натижада, Исломобод музокаралари АҚШ учун стратегик жиҳатдан икки томонлама йўқотиш бўлди: бир томондан дипломатик келишувга эришилмади, иккинчи томондан эса, ҳарбий босим ҳам Эронни муросага мажбур қила олмади. Аксинча, минтақада беқарорлик давом этмоқда — Ливанда зарбалар, Ҳормузда кескинлик ва глобал энергетика бозорларида ноаниқлик кучаймоқда.
Қисқа қилиб айтганда, АҚШнинг бу “юриши” сулҳга ҳали узоқ эканлигини, томонлар ҳали келишишга тайёр эмаслигини кўрсатди. Ғалаба қилиш имкони йўқ бўлган бу урушда ғолиблик статусига чираниш охир-оқибат шармандали мағлубият томон етаклайди.
Ҳақиқий ғолиблар кимлар?
Муаммо шундаки, урушда миллардлаб долларлар сарф қилаётган томонлар эмас, бир четда жимгина кузатиб турганлар кутилмаганда фойдани илиб кетмоқда. Хўш улар кимлар?
АҚШ-Исроил-Эрон уруши глобал сиёсатдаги энг парадоксал ҳолатлардан бирини юзага чиқарди: жанг майдони Яқин Шарқда, аммо реал иқтисодий ютуқ Москвага кетмоқда. “Владимир Путин учун бу можаро деярли “тайёр совға” бўлди”, деб ёзади “Chatham House” таҳлил маркази.
Гап шундаки, 2026 йил 4 март куни Ҳормуз бўғозининг ёпилиши билан глобал нефть бозорини издан чиқарди. Натижада “Брент” нефти нархи 100–120 доллар оралиғига сакради, бу эса санкциялар остида қолган Россия иқтисодиётига кутилмаган “туҳфа” бўлди. “Reuters” ҳисоб-китобларига кўра, фақат апрель ойининг ўзида Россиянинг нефть даромади қарийб 9 миллиард долларга етиб, деярли икки баравар ошган.

Бу фақат нархлар масаласи эмас. АҚШ томонидан вужудга келган нефть инқирозини олдини олиш учун Россия нефтига қўйилган санкцияларни юмшатилиши ҳам Кремль учун қўшимча имкониятлар яратди. Натижада, 2022 йилдан бери давом этаётган Россия–Украина уруши учун зарур молиявий таъминот яна тиклана бошлади. Украина урушини бир суткада тугатиш ваъдаси билан ҳокимиятга келган Президент Трамп бугун Украинадаги можаронинг янада чўзилишига сабабчи бўлиб қолмоқда. Яъни, Яқин Шарқдаги уруш бевосита Шарқий Европадаги урушни “сунъий нафас аппарати”га улаб қўйди.
Яна бир муҳимроқ жиҳат — сиёсий эътиборнинг силжиши бўлди. 2026 йил март–апрель ойларида Вашингтоннинг асосий ресурслари ва дипломатик диққати Эрон фронтига йўналтирилди. Натижада Украина масаласи иккинчи даражага тушиб қолди. Киевга юборилаётган ёрдам аста-секин камайиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, бу ҳолат Россия учун стратегик енгиллик яратди. Нафақат АҚШ, балки Ғарбий Европанинг ҳам ҳарбий ёрдам оқими секинлашди, дипломатик босим пасайди.
Шундай қилиб, ажойиб парадокс юзага келди. Бир рақибини заифлаштириш илинжида Трамп иккинчисини кучайтирмоқда. Энергия нархларининг ошиши, санкцияларнинг нисбий юмшаши ва глобал эътиборнинг бошқа томонга бурилиши Кремль учун уч карра фойда бўлди.
Баъзи мутахассисларнинг фикрига кўра, глобал вазиятдан фойда кўраётган яна бир томон бор. Бу ҳам бўлса Хитой. Қайсидир маънода дунёнинг энг қудратли давлатининг бугун юзага келтираётган беқарорликлари ва уларни жиловлай олмай қолгани стратегик ва иқтисодий дивидендларни аста-секин Пекин томонга йўналтирилишига сабаб бўлмоқда. “Deutsche Welle” таҳлилларига кўра, бу можаро Хитой учун бевосита ҳарбий иштироксиз ҳам фойда келтираётган кам сонли геосиёсий вазиятлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ҳормуз атрофидаги кескинлик глобал энергия тизимини издан чиқаргани, натижада нефть нархлари кескин ошиши, логистика занжирларининг узилиши кўплаб давлатларни энергия хавфсизлиги масаласини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.
Айнан шу нуқтада Хитойнинг стратегик ютуғи бошланади. Пекин узоқ йиллардан бери нефтга қарамликни камайтириш ва электрлаштириш сиёсатини юритиб келаётган эди. Уруш эса бу сиёсатни “мажбурий тренд”га айлантирди. “DW” ва бошқа таҳлилларга кўра, энергия инқирози фонида кўплаб давлатлар қайта тикланувчи энергияга ўтишни тезлаштирди ва бу бозорнинг асосий техник таъминотчиси айнан Хитой бўлиб қолди. Қуёш панеллари, батареялар ва электр транспорт воситаларига глобал талаб ошиб, Хитой компаниялари экспорт ҳажмини сезиларли кенгайтирди.
Бундан ташқари, Пекин бу урушда ўзини “нейтрал воситачи” сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. 9 апрель куни Хитой расмийлари томонларни сулҳга чақирувчи баёнот берди. Бу эса АҚШдан фарқли ўлароқ, Хитойни “барқарорлик тарафдори” сифатида кўрсатиб, унинг дипломатик имижини кучайтирди. Яъни давлатлар энди халқаро тинчликни ҳимоячиси сифатида Вашингтонни эмас Пекинни кўрмоқда.
Албатта, уруш Хитой учун фақат фойда эмас — энергия импорти хавф остида қолди, нархлар ошди. Аммо муҳим фарқ шундаки, Пекин бу инқирозни узоқ муддатли стратегик имкониятга айлантира олаётганга ўхшайди. Энергия трансформацияси тезлашмоқда, дипломатик позициялар мустаҳкамланмоқда ва глобал иқтисодий таъсир кенгаймоқда.
Хулоса қилиб айтганда, 2026-йилги Эрон уруши яна бир ҳақиқатни кўрсатди: замонавий урушларда ғалаба ҳар доим жанг майдонида аниқланмайди. Баъзида энг катта фойдани ўқ узмаган, лекин тўғри стратегия танлаган давлатлар кўради.
Live
БарчасиНетаняху вазирлар маҳкамасини йиғмоқда
15 Апрель