Германияга амалиёт ўташга кетган ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Олам
−
04 Январь 2020
12486Германия Федератив Республикасига амалиёт ўташ учун кетган Ўзбекистон фуқароси баландликдан йиқилиб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистоннинг ГФРдаги элчихонаси берган маълумотга кўра ўтган йилнинг 31 декабрь куни Ўзбекистон фуқароси Н.Х. Консуллик бўлимига мурожаат қилиб, жияни Р.Х.нинг бахтсиз воқеа оқибатида фожиали ҳалок бўлганини билдирган.
Ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб Р.Х. Германиядаги “PRAXX” жамиятининг малака ошириш дастури доирасида Кил шаҳри яқинидаги фермер хўжаликларидан бирида шартнома асосида амалиёт ўтаётган эди. 27 декабрь куни у баландликдан қулаб тушиб, вафот этган. Маҳаллий полиция текширув ўтказиб, бахтсиз ҳодиса юз берганини тасдиқлади.
Элчихонанинг Консуллик бўлими қариндошлар ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан биргаликда Р.Х.нинг жасадини Ватанга жўнатишга оид консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этиб, Германия (Берлин, Бранденбург, Бремен, Қуйи Саксония, Гамбург, Мекленбург-Олд Померания, Саксония, Саксония-Анҳалт, Шлезвиг-Ҳолштайн, Турингия), Швеция, Швейцария ва Чехия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатнинг Берлин шаҳридаги элчихонасига +49-30-39-40-98-55, +49-30-39-40-98-30 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатди.
LiveБарчаси