Германияда янги сайланган мэр пичоқлаб кетилди
Олам
−
08 Октябрь 6414 2 дақиқа
Германия ғарбида жойлашган Ҳердеке шаҳрида (Шимолий Рейн–Вестфалия федерал ери) номаълум шахслар шаҳарнинг янги сайланган мэри Ирис Шталцерни пичоқлаб кетди. Бу ҳақда “Bild” хабар берди.
ОАВга кўра, воқеа юзасидан терговни олиб бораётган Ҳаген шаҳри полицияси белгиланган радиусда кенг қамровли қидирув ишларини бошлаб юборган.
Ҳужум қилган шахс ҳақида дастлаб маълумот бўлмаган. Ҳужум, эҳтимол, янги сайланган мэрнинг уйи яқинида содир бўлган. Нашр маълумотига кўра, Шталцер бир неча пичоқ жароҳати олгач, уйига киришга улгурган.
Уйда у пайтда унинг 15 ёшли асраб олинган ўғли ва 17 ёшли асраб олинган қизи бўлган. Айнан улар қутқарув хизматларини чақирган. Шталцернинг ўғли полицияга кўчада онасига бир нечта эркак ҳужум қилганини айтган.
7 октябрь оқшомида полиция ва прокуратура бу ишда оилавий сабаблар борлигини тахмин қилаётганини маълум қилган. Ҳозиргача воқеада сиёсий мотивлар борлигини кўрсатувчи далиллар топилмаган.
Ирис Шталцер ҳуқуқшунос бўлиб, сайловлардан аввал Ҳердекедаги шаҳар кенгаши аъзоси эди. Унинг расмий лавозимга киришиши 4 ноябрга режалаштирилган эди.
Ҳаген полицияси томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, воқеа жойида соат 12:40 да махсус операция ўтказилган. Шталцер ҳаёт учун хавфли жароҳатлар билан вертолётда шифохонага етказилган ва ҳозирда реанимацияда.
Воқеадан хабар топиб, жим туролмаган канцлер Фридрих Мерц бу ҳужумни “жирканч жиноят” деб атаган ва тезкор тергов ўтказишга чақирган.
“Биз янги сайланган мэр Ирис Шталцернинг ҳаётидан хавотирдамиз ва унинг тўлиқ соғайиб кетишини тилаймиз”, деган канцлер.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германияда бўлиб ўтадиган маҳаллий сайловлар арафасида турли партиялардан 16 нафар номзод вафот этганди. Полиция барча ўлим ҳолатлари табиий сабаблар оқибати эканини тасдиқлаб, сиёсатчиларни қасддан йўқ қилиш бўйича тарқалган фитна назарияларини рад этган.
Live
Барчаси