Германияда уруш борасидаги баҳсдан сўнг украиналик ўлдирилди. Ўзбекистонлик эса қўлга олинди
Олам
−
12 Ноябрь
10698Германиянинг жанубий қисмидаги Баден-Вюртемберг ерида Россиянинг Украинага қилган ҳужуми туфайли юзага келган можарода украиналик юк машина ҳайдовчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Bild” газетаси хабар берди.
Газета хабарига кўра, ҳодиса 9 ноябрь куни Оберрот қишлоғи яқинидаги юк машиналари тўхташ жойида содир бўлган. Тўрт нафар ҳайдовчи кечқурун у ерда спиртли ичимлик ичган. Руминиялик 38 ёшли ҳайдовчи Ионутга кўра, у ҳамкасбларидан мусиқани ўчиришни сўраган, аммо улар қулоқ солмасдан, баланд овоз билан кулиш ва баҳслашишда давом этган. Муҳокама мавзуси Украинадаги уруш ва Россиянинг ундаги роли борасида бўлган.
Соат 20:00 дан кейин можаро кескинлашиб, муштлашувга айланиб кетган. Оқибатда тўрт эркак иштирокидаги можаронинг энг ёш иштирокчиси – 34 ёшли украиналик ўлдирилган.
35, 41 ва 45 ёшли яна уч нафар ҳайдовчи ҳибсга олинган. Нашрда ёзилишича, улардан бири Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот органлари украиналикни ким ўлдирганини аниқламоқда.
Маълумот учун, бу Германияда ҳалок бўлаётган биринчи украиналик эмас. 2024 йилнинг баҳорида Бавариянинг Мурнау шаҳрида икки Украина фуқаросини ўлдиришда гумон қилинган россиялик қўлга олинган эди. Украина Қуролли кучлари аскарлари даволаниш учун Германиянинг Гармиш-Партенкирхен ҳудудида яшаган. Савдо маркази ҳудудидан пичоқ жароҳатлари билан уларнинг жасадлари топилган. 36 ёшли эркак олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган. 23 ёшли иккинчи жабрланувчи кейинчалик шифохонада вафот этганди.
Қотилликда гумон қилинувчи 57 ёшли Россия фуқароси жиноят содир этилган жойга яқин жойда яшаган. У ҳибсга олинган ва октябрь ойида қотилликда айбланган. Прокуратура маълумотларига кўра, россиялик украиналикларга ҳарбий амалиётлар зонасида нималар бўлаётгани бўйича келишмовчиликдан кейин ҳужум қилган.
Шунингдек, март ойида Германияда украиналик қочқин Маргарита Раза ўлдирилганди. Унинг эндигина беш ҳафталик бўлган янги туғилган қизи ва 51 ёшли онаси бедарак йўқолганди. Кейинчалик бола топилиб, икки гумонланувчи – 44 ёшли германиялик ва 43 ёшли россиялик аёл қўлга олинганди. Улар украиналик аёлни ўлдиришни узоқ вақт режалаштирган. Мотив сабаблари номаълум.
Бундан ташқари, Германиядаги қочқинларни жойлаштириш марказида 46 ёшли украиналик вафот этганди. Оғир тан жароҳати олган эркакни хавфсизлик хизмати ходими ётоқхонадан топиб, тез тиббий ёрдам чақирганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинанинг “Hromadske” нашри журналисти, “Украинская правда” газетасининг мустақил ёзувчиси 27 ёшли журналист Виктория Рошина Россияда ҳибсхонада вафот этганди.
LiveБарчаси