Германияда инфляция 50 йиллик рекордни янгилади

Олам

image

Германияда инфляция даражаси қарийб 9 фоизга етиб, сўнгги 50 йилдаги энг юқори нуқтага етди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Федерал статистика идораси маълумотига кўра, август ойида Германияда истеъмол нархлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,8 фоизга ўсди. Июль ойида инфляция кутилмаганда 8,5 фоизга етганди.

Шундай қилиб, инфляция даражаси биринчи нефть инқирози янги инфляция циклига олиб келган 1973-1974 йиллар қишидан бери биринчи марта рекордни янгилади.

Қайд этилишича, Украинадаги уруш натижасида энергия нархининг ошиши юқори инфляциянинг асосий омилига айланган, август ойида энергия нархи ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 35,6 фоизга юқори бўлган.

Кўтарилиш ҳукуматнинг инфляцияни бостиришга қаратилган чора-тадбирларига, жумладан, жамоат транспорти чипталарини арзонлаштириш ва 31 августда ниҳоясига етиши керак бўлган ёқилғи солиғини камайтириш жаарёнига қарамай содир бўлди.

Таҳлилчилар башорат қилишича, ҳеч қандай чора кўрилмаса, Европанинг энг йирик иқтисодиётида инфляция 2022 йил охиригача икки хонали рақамга етиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

133

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг